Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
13:15 / 2023-08-09

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Туркиянинг “CENGIZ  HOLDING” компанияси бошқаруви раиси Мехмет Женгиз бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани тўғрисидаги хабар – шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Академик Акмал Саидовнинг “Китобингизни ўқидим” рукнида берилган “Янги Ўзбекистон феномени чуқур таҳлил этилган салоҳиятли асар” мақоласи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик, техника фанлари доктори, профессор Оқил Салимовнинг “Янги ўзбекистон давлати” асари таҳлилига бағишланади. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлари доктори Мансур Мусаевнинг “Ўзгаришлар шукуҳининг жаҳоний ифодаси... ” мақоласида хориждаги ватандошлар билан тикланган алоқалар таҳлил қилинган. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Салом сенга Ўзбекистондан!” мақоласи Озарбайжонда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти кунлари”, икки қардош халқ, уйғун қадриятлар, мустаҳкам ришталар ҳақида...

“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8 август куни Туркиянинг “CENGIZ  HOLDING” компанияси бошқаруви раиси Мехмет Женгиз бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани тўғрисидаги хабар – шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги Қонуни эълон қилинган. “Адвакатура замон талабига мос соҳага айланади”, “Жиноятга бир кун қолганда...” каби мақолалар газетхон эътиборидан четда қолмайди. 

“Milliy tiklanish”да эълон қилинган “Бу – бошланиши ёки изланиш ва интилишдан асло тўхтамаслик керак” саҳифаси эътиборли. “Парламент дипломатияси”, “Тошкент мурожаатларда биринчи”, “Ўлим араваси”га ортилган қисматлар”, “Биз таниган феноменнинг яна бир қирраси” каби саҳифа, мақолаларда инсон қалби ва жамият, тараққиёт ва ростлик масалалари таҳлил қилинган.

“Maʼrifat” таълимнинг долзарб бўлиб турган масалаларга эътибор қаратиб келади. “Уч ойлик ёзги таътил заруратми ёки анъана?” Ёхуд ҳамма биландиган, лекин ҳеч ким шуғулланмайдиган муаммо хусусида” саҳифасида кўтарилган масала газетхонни ҳам қизиқтиради. “Таълимда рақамлаштириш нимани ўзгартиради?” мақоласи ҳам ўқувчини ўйга толдиради. “Жадидчилик ҳаракати намояндалари ва уларнинг фаолияти”, “Таълимда коррупция – келажакка хиёнат”, “Ота “тахт”идаги ўғил”, “Инсон шахсиятининг архитерик йўли”, “Китоб ўқиган бола дунёни бошқаради” каби мақолалар  мактаб, таълим тизими, бола тарбиясига бағишланади...

“Hurriyat”да бир қатор жиддий мақолалар бор. Ислом Асилбековнинг “Амалдорларга –  “TRASKER”, газетага – баҳонами?” номли мақоласи газеталар нашри билан боғлиқ эътиборсизлик ҳақида. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Денов тумани Маънавият ва маърифат бўлими раҳбари Тоштемир Турдиевнинг “Деновнинг бугунги салобати” эссесида қадимий кентнинг бугунига замин бўлган бой тарих, бетакрор ўтмиш ҳақида сўз боради. Таниқли адабиётшунос Султонмурод Олимнинг “Бу қўллар...” мақоласи, Тўлқин Эшбекнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистоннома” манзумаси, Ўзбектош Тўрахонлининг “Элга суянч бўлган суюкли бўлгай” шеърий туркуми , Сафар Омоннинг “Мачай дарасида...” мақоласида бугунги ҳаёт, ижод ҳақиқатлари акс этган.

“Oʻzbekiston ovozi”да бир қатор эътиборни тортадиган мақолалар эълон қилинган. “Ичимлик суви нархи нега ошаяпти?” мақоласидаги савол долзарб. Ичимлик суви борган сари муаммога айланиб қолаётгани сир эмас. Бу муаммо кеча биздан жуда узоқларда бўлган бўлса, бугун ўз ҳудудимиз, маҳалламиз, ҳатто хонадонларимизгача кириб келди. Айниқса, ёз мавсумида бу очиқ сезилиб қолаяпди. Мақолада буни “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти матбуот котиби Акмал Муродов Ўзбекистонда сув нархи арзонлиги боис исроф қилиш ҳолатлари кўплиги билан изоҳлайди. “Инфляция 5-6 фоиз бўлиши кўзланган” мақоласида кўтарилган масала ҳам кўпчилик учун қизиқ. “Далада ишлайдиганларга устама бериладими: кимларга, қанча миқдорда?” саҳифаси ҳам қизиқ, албатта, ўқинг.

“Yoshlar ovozi” – чин маънода бугунги ёшлар оламини ўзида акс этиб туради. “Аннуитет ва дифференсал... қайси усулда тўланадиган кредит қулайроқ?” мақоласи эътиборли. “Сув нархи нега ошириляпти?” мақоласи сув, уни тежаш, ундан унумли фойдаланиш масаласига қаратилган. “Обод юрт” ёшлар челленжи”, “Ҳам ишли, ҳам машинали бўлди”, “Экология ҳақида биласизми?” каби саҳифаларда бугунги ёшлар ва жамият ҳаёти, уларга яратилаётган шароитлар, қўлга киритилаётган ютуқлар акс этган. 

Бугунги газеталарни ўқинг...

ЎзА