“Янги Ўзбекистон” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 август куни амалий ташриф билан Ашхобод шаҳрида бўлиши тўғрисидаги хабар билан бошланади. “Биз ва дунё” рукнида берилган “Ўзбекистон – Тожикистон – Туркманистон: стратегик шериклар ва ишончли қўшнилар” саҳифаси Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчиларининг бугун Ашхободда бўлиб ўтадиган учрашуви аҳамияти ҳақида. “Сиёсий ахлоқ ва ахлоқий сиёсат ёки Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига сафаридан кейинги мулоҳазалар” мақоласида жойларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар таҳлили акс этган. “Саноатлашаётган мева-сабзавотчилик ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳам иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда” саҳифасида қишлоқ хўжалиги тармоқларининг жадал ривожланаётгани, бу эса экспорт ҳажмини ошишига сабаб бўлаётгани таҳлил қилинган. “Дунё Ўзбекистонни танияпти”, “Ушлаб туриш жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатланади”, “Ҳар бир дарахт бебаҳо неъмат”, “Достонларда бирдамлашган юрт” тўғрисидаги мақолалар, саҳифаларни қизиқиш ва эътибор билан ўқийсиз.
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 август куни Ахшободга амалий ташрифига оид хабар эълон қилинган. Шунингдек, ўқувчини қизиқтирадиган бир қатор таҳлилий мақолалар эълон қилинган. “TCT CLUSTER”нинг янги корхонаси фойдаланишга топширилгач, 1100 та иш ўрни яратилди” мақоласида юртимиздаги тўқимачилик саноати истиқболлари ҳақида сўз боради. “Минтақа барқарор ривожининг драйвери” мақоласида 2030 йилга қадар Ўзбекистоннинг “ўртадан юқори даромадли” мамлакатлар гуруҳига кириши учун ташланаётган муҳим қадамлар ҳақида. Олий Мажлис Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқовнинг “Айдаркўл: Орол қисмати такрорланиши мумкинми?” мақоласини ўтказиб юборманг, ўқинг.
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини эълон қилган. Таниқли шоир Туроб Ниёз, Дилобар Жўраеванинг шеърлари, Озод Мўминнинг “Башорат” номли ҳикоясини мароқ билан ўқийсиз. Профессор Баҳодир Каримнинг “Сўзга солдим журъатимни мен”, филология фанлари доктори Манзар Абдулхайровнинг “Табиат чоҳидин руҳунгни қутқарким...” Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори, номоддий маданий мерос масалалари бўйича халқаро эксперт Ўрозали Тошматовнинг “Аския – сўзамоллик санъати” каби адабий мақолалар ҳам газетхон эътиборидан четда қолмайди.
“Adolat”нинг бугунги сонида Фракцияларнинг қўшма йиғилишида Ҳукумат ҳисоботи муҳокама қилингани ҳақидаги шарҳ эътиборли. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқуловнинг “Озар диёрида”, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил Олимжоновнинг “Инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳамма нарсадан баланд”, “Бувайда кўзгуси” газетаси бош муҳаррири Азизахон Солиеванинг“Уч асрга юзлашиб яшаётган онахон” каби мақолалар алоҳида қизиқиш, эътибор билан ўқилади.
“Vatanparvar”даги “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” саҳифаси сизни ҳам якдилликка чорлайди. “Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг янги босқичи”, “Ўзбекистон – Озарбайжон: ҳарбий малака ва маҳорат уйғунлиги” “Сарҳадларимиз ҳимояси ишончли қўлларда”, Ватан – улуғ, бурч – муқаддас!”, “Ўттиз ёшида қатағон этилган навоийшунос олим” каби ўнлаб мақолаларда ҳаётга, Ватанга бўлган самимий муҳаббат борлигини ҳис этиб турасиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА