Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:53 / 2023-07-26

“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ҳаётига оид бир қатор долзарб мақолалар эълон қилинган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистранти Улуғбек Холбековнинг “Қулай бизнес муҳити ва жозибадор имтиёзлар тадбиркорлар сафини кенгайтиришда муҳим омил” мақоласи шулар жумласидан. Мақолада тадбиркорлик ва жамият тараққиётига оид муҳим фактор, омиллар таҳлил қилинган. “Хонадонлар фаровон, кўнгиллар чароғон”, “Азалий орзулар ушалганда ҳудудлар кўркамликка юз тутади”, “Ҳар ёзганим – Ватан сари бир қадам” саҳифалари, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Султонмурод Олимнинг “Конституция, миллий мафкура ва маънавият: қатъий позициялар зарурияти” мақоласида ўзгараётган юрт қиёфаси, инсон ва жамият, ижобий ўзгаришлар таҳлилини кўрасиз.

“Халқ сўзи”да ҳам мамлакатимиз ҳаёти билан боғлиқ муҳим хабар – янгиликлар ўрин олган. Ёшларимиз салоҳиятининг халқаро эътирофи,  буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарининг араб ва индонез тилларидаги нусхаси тақдимоти, Тошкентдан Зомин туманига илк парвоз амалга оширилиши тўғрисидаги хабарлар газетхон эътиборини тортади. Ер ва сув ресурсларини асраш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш; ШҲТ – очиқ мулоқот, дўстона ҳамкорлик ва кенг имкониятлар майдони; тарихимиз кўзгуси каби мавзуларига бағишланган мақолалар эътиборли. “Қизилқум саҳросида эсаётган шамол хонадонларимизни электр нури бўлиб ёритади” мақоласи муқобил энергия манбаларининг истиқболи, бугуни ва эртаси ҳақида...

“Hurriyat”да бир қатор жиддий мақолалар эълон қилинган. Покистондаги “Herbion” фармацевтика компанияси бош директори Надим Халиднинг “Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки бутун МДҲ маконида бизнес марказига айланган” мақоласи холис, самимийлиги билан эътиборни тортади. Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Алишер Навоий бобомизга ҳайкал ўрнатилгани тўғрисидаги хушхабар ёдингизда муҳрланиб қолади.  “Самарқанд қоғози нега харидоргир бўлган?”, “Қишлоқ чироқлари”, “Пулингиз кўпайса ҳам... ёки миллий валютамизга ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”, “Кўҳна “сардоба” ноласи” каби мақолалар, Мунаввара Тиллабоева, Рухсора Сапарбоеваларнинг шеърлари, Маъмура Зоҳидованинг “Пахтада” номли ҳикоясидаги соғинч,  даъват ва оғриқларни қалбингизда ҳис этасиз.

“Oʻzbekiston ovozi”да эълон қилинган “Қонун устуворлиги Парламентда бошланади” саҳифаси қонун ижодкорларининг ҳушёрликка чорлаши билан эътиборли. Ўзбекистонлик ўқувчилар ғалабаси; Марказий Осиёга қадалган нигоҳлар; қарз ундиришда ҳам одоб бўлиши керак; сўнмас хотира; китобми ё тушликми масалалари акс этган мақолалар, саҳифалар билан танишар экансиз, матбуот – турмуш, жамият кўзгуси эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз.

“Maʼrifat”нинг бугунги сони адабиётга бағишланган. Адабиёт сўзининг ўзаги эса – одоб. “Навоий деб мусаллога келибмен...”, “Қолди фалондин яхшилиғ”, “Ишққа боғланган кўнгил”, “Эзгу янгиланишлар мамлакати” “Маъсуманинг машъум ҳаёти”, “Искандар Зулқарнайн авлодидан бўлган Бадахшон шоҳи ва Алишер Навоий ёки шоир Самарқандда 1467 йилда келганми?” каби мақолаларда мумтоз адабиёт нозикликларини ҳис этиш, сўз орқали ёшлар қалби, тарбиясига даъват, хитоб бор.

“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Бандлик – ижтимоий ҳимоя асоси”, “Ёш оилалар ўқисин!”, “Қачон тинасан, тақ-туқ”, “Ёшлар ва суғурта. Бу соҳа бизда қандай даражада ривожланган?” каби мақолаларда бугунги ёшлар, жамият ҳаёти акс этган. 

Бугунги газеталарни ўқинг.

   

А.Нарзуллоев, ЎзА