_
“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида бир қатор муҳим ва долзарб мақолалар эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдаги мажлисида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича илгари сурган таклифларига оид саҳифа, давлат раҳбарининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи билан танишасиз. “Дарёлардан нурга тўлсин уйимиз”, ”Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси” каби мақолалар муҳим ва долзарблиги билан эътиборли. Уларда муқобил энергетика истиқболлари, аёллар ва жамият тараққиёти, янги тизим мевалари хусусида сўз боради. Оромгоҳлар билан боғлиқ саҳифа, шунингдек, “Осиёни лол қолдираётган ўзбек қизи” мақоласида бугунги кун ва замондошларимиз қиёфасини кўрасиз.
“Халқ сўзи”да давлат раҳбарининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлисида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича илгари сурган таклифларига оид саҳифа, давлат раҳбарининг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонуни билан танишасиз. “Ҳиндистоннинг ШҲТдаги раислиги Ўзбекистоннинг ўтган йилдаги раислигининг мантиқий давоми бўлди” саҳифаси ҳам халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳаза, муносабатларини ўзида акс этгани билан эътиборли.
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетаси академик Наим Каримовнинг атоқли шоир Ойбек ижодига бағишланган “Тарихий мавзу ва адабий қаҳрамон” номли мақоласи, Ойбекнинг машҳур “Наъматак” ва “1 июль – Ойбекни хотирлаш куни” саҳифаси билан бошланади. Таниқли журналист, ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг “Ота “тахт”идаги ўғил”, филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжанинг “Матн бузилса...” мақолалари, Даврон Ражабнинг шеърлари, Умид Алининг “Райҳон ҳиди” ҳикояси, Лола Ўроқованинг қатраларини ўқиб, кетган вақтингизга ачинмайсиз...
“Oʻzbekiston ovozi”да бугунги кун овозини эшитгандек бўласиз. “Президентликка номзод сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда” саҳифаси фикримизга далил. “Ҳуқуқлар тенг ва кафолатланган бўлиши муҳим”, “Таклиф, таҳлил ва мулоҳаза...”, “Ниҳоят, минимал истеъмол харажатлари эълон қилинди” каби бир қатор мақолаларни шунчаки, беэътибор ўқий олмайсиз.
“Milliy tiklanish”ни қўлга олиб, ижодий жамоа катта меҳнат қилганини дарров пайқайсиз. Газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи эълон қилинган. Шунингдек, Президент сайлови билан боғлиқ жараёнлар ҳам кенг ёритилган. “Жазолаш билан жазонинг олдини олиб бўлмайди”, “Қатъиятли сиёсат янги Ўзбекистон танлаган йўлни кўрсатиб турибди”, “Сайлов жараёнининг муҳим босқичи” каби мақолалар шулар жумласидан...
“Maʼrifat” таълим тизимидаги муҳим, муаммоли масалаларга эътибор қаратиб келади. Педагогика фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги “Таълим-фан кенгаши” бошқаруви аъзоси Абдуқаҳҳор Ғаниевнинг “Ўзбекистонда Финландия таълим тизимини жорий қилиб бўладими?” номли мақоласи кенг таҳлил, мушоҳадага асослангани билан газетхон эътиборида бўлади. “Ўқиш мажбурият эмас, эркинлик бўлсин!”, “Мактаб бола тарбиялайдими?”, “Маҳмуд Саъдий, “Маърифат” ва камина...”, “Саломга лойиқ бўлиш керак эмасми?” каби қатор жиддий мақолалар эълон қилинган. “Maʼrifat” кўзгуси орқали мактаб, таълим тизими, унинг ютуқ ва муаммоларини кўргандек бўласиз...
“Yoshlar ovozi” – чин маънода бугунги ёшлар оламини ўзида акс этиб туради. “Беш ташаббус олимпиадаси. 1- мавсум якунланди”, “Бизнинг “маданий” қиёфамиз”, “Қизил” тоифадагилар қандай қилиб оғир аҳволдан олиб чиқилмоқда?”, “Эрта туғруқ кўпайган. Ёш оилалар ажримларда етакчи”, “Ёшлар қабули” қандай ўтди?” каби саҳифаларда бугунги ёшлар ҳаёти, ютуқ ва муаммолари акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА