Кундалик газета, вақтли матбуотни жамиятнинг уриб турган томирига қиёс қилиш мумкин...
“Янги Ўзбекистон”да Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг мамлакатимизга расмий ташрифига оид “Олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади” номли саҳифа, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6 июнь куни Самарқанд шаҳрида Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилгани, шунингдек, давлат раҳбарининг Самарқандга ташрифи доирасида “Ширин” массивининг мастер режаси тақдимотидаги иштироки билан боғлиқ хабар – шарҳ эълон қилинган. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги, Кураш – ҳалоллик ва мардлик тимсоли, малака ошириш зарурати, мақом санъати билан боғлиқ мақолаларда минтакқа ва ташқи олам, жисмоний ва руҳий юксалиш, бугунги кун манзаралари акс этган. Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг “ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ КОНЦЕПЦИЯСИ” саҳифаси газетхон эътиборидан четда қолмайди.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ муҳим учрашув, тадбирлар тафсилоти кенг ёритилган. Ўзбекистон билан Халқаро валюта фонди ўртасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистон ва Қатар муносабатлари, “Ширин” массивининг мастер режаси тақдимотига оид маълумотлар билан танишасиз. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, гендер тенгликка эришиш, ишончли ҳимоя, демократик сайловлар жараёнида халқаро кузатув институтининг роли, аёл ва оила бахти акс этган мақола, саҳифалар муҳим, долзарблиги билан эътиборли.
“Oʻzbekiston ovozi”да эълон қилинган “Ўзбекистон Халқ демократик партияси Президент сайлови кампаниясига ишонч ва кўтаринки руҳ билан киришди” саҳифаси сайлов қизғин паллага кирганидан дарак беради. “Ижтимоий ҳимоя масалаларида энди ягона тизим бўлади”, “Пенсия ва нафақа олувчилар сони 4 миллион 400 минг нафарга яқин” номли мақолаларда ижтимоий масалалар таҳлил қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг Ўзбекистон ХДП қурултойидаги маърузаси, замонавий ўзбек журналистикасининг чинорларидан бири Сафар Остонов хотирасига бағишланган “Жасоратли ва маҳоратли журналист эди” саҳифасини, албатта, ўқинг...
“Milliy tiklanish” газетасида бир қатор муҳим, жиддий мақолалар эълон қилинган. “Жаримага тортиш билан вазиятни ўзгартириб бўлмайдими?”, “Қачон уйғонасиз, мудраётган мутасаддилар?”, “Тошингизни теринг, жаноби Миронов”, “18 марта мағлуб бўлган етакчи ёхуд нотиқларнинг ҳикматлари инсониятни қандай жалб қилган?”, “Ўрта Осиёлик талабаларнинг Германиядаги 2 йили” каби мақолалар мутолааси муаммо ва боқибеғамликка қарши туриш, воқеа-ҳодисаларга холис, беғараз назар ташлаш, таҳлил қилиш ва хулоса чиқариш имконини беради. Филология фанлари номзоди Олим Тошбоевнинг Адабиётшунос портретига чизгилар рукнида берилган “ЕЛТУЗАР” мақоласи, Бобораҳим Машрабнинг ўтлуғ ғазалларидан кўнгил қувват олади.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Республика ишчи гуруҳи водийда”, “Бўш қошиқ...”, “Сувни ўчириб қўйинг!”, “Зукко китобхон” каби мақолаларда ёшлар муаммоси, жамият ҳаёти акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА