“Янги Ўзбекистон”да “Давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳрининг улуғвор меъморий обидаларини кўздан кечирдилар” номли саҳифа эълон қилинган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Қатар давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг 5 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга ташрифи, мартабали меҳмонни кутиб олиш жараёнлари ва Самарқанд шаҳри меъморий обидалари билан танишуви тафсилотлари акс этган.
“Ўзбекистон ва Қатар кўп қиррали ҳамкорликнинг янги саҳифасини очмоқда” номли мақола Ўзбекистон – Қатар муносабатларининг янги, тарихий даврига бағишланади. “Янги Ўзбекистоннинг ҳеч бир фуқароси ўз муаммоси билан ёлғиз қолмайди”, “Кучли таълим тизими Финляндия тажрибасида қандай намоён бўлмоқда?” каби мақолаларда инсон қадри ва янгиланишга юз бураётган миллий таълим тизимимиз, унинг бугуни ва истиқболлари ҳақида сўз боради. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг 27 июнь – Оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан эълон қилган “Жадидона руҳиятли миллий матбуот” номли мақоласида матбуот ва жамият, сўз эркинлиги ва тараққиёт масалалари акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг мамлакатимизга давлат ташрифи билан боғлиқ расмий хабар, Ўзбекистон ва Қатар муносабатларига бағишланган саҳифа, шунингдек, Қатар Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошимнинг “Ўзбекистон бизнинг муҳим ва яқин ҳамкоримиз” мақоласи эълон қилинган. “АҚШда ўзбек халқининг шонли тарихи эътироф этилди” номли кичик хабар кўнглингизда акс-садо беради. Президентликка кўрсатилган номзодлар, долзарб қонун лойиҳалари, Сайҳун ва Жайҳунни бирлаштирган эзгу ташаббус, Европа ва шимолий Америкада маданийлаштирилган экин асл ватанига қайтгани билан боғлиқ мақолалар, “Темир йўллар: мамлакатимиз транспорт тизимининг “Олтин камари” саҳифасида бугунги куннинг муҳим масалалари ўз аксини топган.
“Ishonch”да газетхон эътиборини тортадиган бир қатор муҳим мақолалар эълон қилинган. “Ходим ишдан бўшатилганда икки ойгача ўртача ойлик маоши сақлаб қолинади” номли саҳифани эслаб қоласиз. “Суғурта компанияси сувдан қуруқ чиқмоқчи эди”, “Бизнинг энди ўз уйимиз бор”, “Транспортда муомала маданияти қачон яхшиланади?”, “Шоирни унутмаган боғлар” ва “Дийдор соғинчи” номли мақолаларда ҳақиқат тантанаси, шукроналик ва қалб кечинмаларига йўғрилган самимийлик бор.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА