Вақтли матбуотни қўлга олганда, газеталарда куннинг муҳим воқеа-ҳодисалари, ҳаёт не чоғли акс этаяпти, деган ўй – хаёл кўнгилдан ўтаверади...
“Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган “Камбағалликни қисқартириш бўйича янги дастур амалга оширилади” саҳифаси орқали 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши тафсилотлари билан танишасиз. Ўзбекистон Президенти Туркия Президентини умумхалқ сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан қутлагани, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар рўйхати тўғрисидаги хабар, “Олтин қалам” шукуҳи акс этган саҳифа эътиборли. Тарих фанлари доктори А.Мавруловнинг “Тарбия – оддийлик ва самимийликда”, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор И.Алимардоновнинг “Миллий молия бозори” мақолалари, “Миллатлар анъаналари туризм орқали тарғиб қилинмоқда” саҳифаси, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Қонли сароб” ва “Замон драмаси”дан “Руҳим харитаси” ва “Таниш тераклар”гача” дилномасида муҳим масалалар хусусида сўз боради.
“Халқ сўзи”да ҳам муҳим сиёсий хабар, шарҳ ва ҳужжатлар эълон қилинган. Биродар Абдураимов ва Игорь Шквириннинг давлат мукофотлари билан тақдирлангани тўғрисидаги хабар, Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган Самарқанд, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар, бугунги ҳаёт манзаралари акс этган мақола ва саҳифалар, шунингдек, адабиётшунос Адҳамбек Алимбековнинг атоқли шоира Ҳалима Худойбердиева ижодига бағишланган “Шунчаки ёзмоққа кўнгил тўлмайди...” мақоласида жамиятнинг иқтисодий, маънавий – руҳий ҳаётига чизгилар акс этган.
“Ishonch”да кеча бўлиб ўтган “Олтин қалам” ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимидан репортаж эълон қилинган. “Қаерда дам олиш арзон: Бўстонлиқдами ёки Дубайда?” мақоласида кўтарилган масала жиддий ва долзарб бўлиб, газетхон эътиборидан четда қолмайди. Дарҳақиқат, нега юртдошларимиз “Дам олиш учун қаерга борганим маъқул – Дубайгами ёки Батумигами?” деб иккиланишлари керак? Ўзимизники арзон бўлиши керак эмасми, ахир?! “Дағал жунни қайта ишлаш мумкин эмасми?” мақоласида ҳам муҳим масала ҳақида сўз боради. “Дунёни ларзага солган “ҚИРОЛЛАР” ёхуд жаҳон чемпионати ҳақидаги ўйлар”, “Сўранг, жавоб берамиз...”, “Кун нафаси” каби саҳифалар ранг-баранглиги билан эътиборни тортади.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА