Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
14:19 / 2023-05-11

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ва бандликни оширишга оид тақдимот тўғрисидаги хабар – шарҳ, мамлакатимизда Президент сайлови кампанияси бошлангани билан боғлиқ саҳифа эътиборли. Халқ овози – ҳақ овоз, мустақил Озарбайжон давлати меъмори, равон йўллар – обод манзиллар, сабрнинг синовидан ўтган инсонлар, аср билан бўйлашган даргоҳ  руҳи акс этган саҳифа, мақолалар ҳаётий, самимийлиги билан ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

“Халқ сўзи”да Польша Сейми депутати, “Польша – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи ҳамраиси Павел Бейданинг “Қийин даврлар кучли етакчиларни юзага чиқаради” мақоласи эътиборни ўзига жалб қилади. Инсон манфаатлари, она тили ва адабиёт фанларини ўқитишдаги муаммолар, давлат дастури ижросининг биринчи чоракдаги ҳолати таҳлил қилинган мақолаларда бугунги кун манзаралари акс этган. Газета орқали Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан ҳам танишасиз.

“ХХI ASR” ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун сайлов кампанияси бошлангани ҳақида хабар беради. Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган “Турналар ҳам тинч юртларга учиб келади” мақоласи кўнгилдан жой олади. Унда хотира – абадий, қадр – муқаддас ғояси акс этган. “Муддатидан илгари сайлов: бу борадаги халқаро тажриба қандай?”, “Ўнинчисининг ҳам ўрни бўлак ёхуд юртимизда дам олиш куни сифатида нишонланадиган яна бир санани қонунчиликда белгилаш жараёнида туғилган фикрлар”, “Ҳалим бошқа, ҳалиса бошқами? Самарқандлик Эдгар Воҳидов ҳалисахонасидан репортаж” каби мақолаларда жамият ҳаётига чизгилар, ютуқлар, таҳлил ва таққосни кўрасиз.

“Ishonch” газетасининг бугунги сони қизиқарли ва мулоҳазали мақолаларга бой.  Айниқса, “Ҳосилга барака, БОБОДЕҲҚОНЛАР!” саҳифаси газетхон руҳини кўтаради. “Шартнома асосида ишлаган ютадими ёки ютқазадими?”, “Ўзбек санъатига қайтган “Баҳор” мўъжизалар яратажак”, “Боланинг бегонаси, меҳрнинг чегараси бўлмайди” каби мақолалар эътибор билан ўқилади.

“Kitob dunyosi”  руҳий  оламингизни бойитади. Робиндранатҳ Тҳокурнинг “Буюк виждон посбони”, Пабло Неруданинг илк шеъри, Иброҳим Ҳаққулнинг “Адабиётнинг кучи” эссеси, Генри Миллер, Темур Пўлатовнинг ҳикоялари, Хулио Кортасар ва Валентина Новковичнинг шеърлари, Назар Эшонқулнинг “Адабиёт – тарбия воситасими?”, Александр Егоровнинг “”Пушкин – махфий жосус эдими?” саҳифалари, ҳамма-ҳаммасини мазза қилиб ўқийсиз, кетган вақтингизга ачинмайсиз...

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА