English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
11:34 / 2023-04-20

Вақтли матбуот – кундалик газеталар жамиятнинг уриб турган томирига ўхшайди. Унда куннинг муҳим  ахборот – хабар, янгиликларидан бохабар бўлиш билан бирга, бу жараён ичида яшаётган қалам аҳли заҳматини ҳам ҳис этиб турасиз.

“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ҳаётига оид муҳим сиёсий янгиликлар акс этган. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 апрель куни картошкачиликни ривожлантиришга бағишланган тадбирдан шарҳ, янги таҳрирдаги Бош Қомус ва хориждаги референдум участкаларида муддатидан олдин овоз бериш бошлангани ҳақидаги хабарлар референдум жараёнлари қизғин паллага кираётганидан дарак беради. Иқтисодиётда эркинлик, “сабр қил” демаймиз – ёрдам берамиз, ташаббускор ҳоким ёрдамчилари, тарихий бурилиш даври, хотиралар тилга кирганда каби саҳифаларда янгиланаётган юрт ва юрт одамлари қиёфаси, хотиралар, уйғоқ қалблар садоси акс этган.

“Халқ сўзи”да давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ муҳим учрашув, Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун билан танишасиз. Газетада  янгиланаётган Конституция, Референдумга тайёргарлик билан боғлиқ қатор материаллар берилган. Озиқ-овқат хавфсизлиги, такомиллашаётган олий ўқув юртлари, инновацион таълим масалалари кўтарилган мақола, саҳифалар  муҳим, долзарблиги билан ажралиб туради. 

“ХХI ASR”да жиддий мақолалар кўп. Хусусан, газетада  бўлажак Референдум билан боғлиқ жараёнлар кенг ёритилган. Таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Устамаси уч баравар ёхуд нега уловидан тушови қиммат?” мақоласи эътиборни тортади. “Бозор иқтисодиётига ўтганимизга чорак аср бўлаяпти, адашмасам, аммо ҳамон савдо тизимида нарх-наво барқарорлашмади? Нега ўтган шу давр ичида оддийгина нарх белгилаш тизимини ярата олмадик? Минг афсуски, амалда бўлган ва назорат қилинмайдиган бундай “эркинликлар” дўкондорлар фойдасига ишлаяпти, холос. Асло харидорлар фойдасига эмас!” деб ёзади муаллиф. Журналист Барно Султонованинг “Ер ўзидан ўзи ҳосил бермайди” номли суҳбати деҳқон, унинг дунёқараши, ташвишлантираётган катта-кичик муаммолари хусусида.

“Ishonch”да эълон қилинган “Қатағон қилинган 208 нафар шахс оқланди” саҳифаси тарихнинг қора кунларида ноҳақ жазога тортилган инсонлар хотирасини шод қиладиган янгилик бўлиб янграйди.  Референдум, янги таҳрирдаги Бош Қомусга бағишланган саҳифалар ҳам ранг-баранг. “Узоққа бормаган қувонч”, “Сангзорнинг зорини ким эшитади?”, “Сескантирадиган сарлавҳалар, совуқ хабарлар ҳиссиз жамиятни шакллантиради”, “Ўнқир-чўнқир йўллардан безор бўлдик”, “E-QAROR”да “очилаётган лолалар” ёхуд шаффофликка кимлар парда тутмоқда?” каби мақолалар кишини бедорликка чорлайди. Муҳаббат Тўрабоеванинг “Урганч Анна Германни унутяптими?” мақоласи орқали қалбингизда беназир санъаткор билан боғлиқ хотиралар уйғонади.

“Жамият” – самимий, кўнгилга яқин газета. “Коррупция қачон йўқолади?” мақоласида кўтарилган саволга жавоб олиш учун мақола билан танишишга шошиласиз. “Миллат етакчисига бағишланган достон” мақоласи ҳам газетхонлар аудиторияси учун қизиқ. “Янгиланаётган Қорақалпоғистон: ўзгаришлар одамлар қалбида келажакка катта умид уйғотмоқда”, “Соҳибқирон қиличи – адолат қиличи” каби мақолаларда ўзраётган жамият, тарих манзаралари акс этган.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нега қиммат? Деҳқончиликда даромаднинг янги манбалари борми?”,  “Сара уруғ – сара ҳосил”, “Хотин-қизлар учун доимий иш ва даромад” каби мақолаларда деҳқон ҳаёти, жойлардаги ҳаёт манзаралари акс этган.

Бугунги газеталарни ўқинг.

                                                                                      А.Нарзуллоев, ЎзА