Вақтли матбуот, газеталар орқали куннинг муҳим ахборот, хабарларидан бохабар бўлиш баробарида қалам аҳлининг заҳматли меҳнатини ҳам ҳис этиб турасиз.
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ташаббусли бюджет” дастурида ғолиб бўлмаган кўплаб лойиҳаларга ҳам маблағ ажратилиши ҳақида кўрсатма бергани тўғрисидаги хабар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. “Биотехнологиялар кластери халқимизга ва илм-фанга нима беради?” мақоласида билдирилган муносабат ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Ҳаракатсизликдан фаоллик сари йўл, илғор ташаббус ва ғоялар рўёбга чиқадиган ҳудуд каби саҳифаларда янгиланаётган инсон, жамият ҳақида сўз боради. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Сирдарё таронаси” шеъридаги бедорлик қалбингизга кўчади. “Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний ким бўлган?”, “Ахсикент водий сайёҳлик марказига айланмоқда” каби мақолаларда мозийга ҳақиқатлари, миллий туризм сарҳадлари акс этган.
“Халқ сўзи”да эълон қилинган “Аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди” номли ихчамгина шарҳ кўпчилик аҳоли хурсандчилигига сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги Қонуни билан танишасиз. “Бош ҳужжат лойиҳаси халқ орасида қўллаб-қувватланяпти”, “Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи”, “Финляндия мўъжизаси. Унинг Ўзбекистон учун манфаатли жиҳатлари нималарда намоён бўлмоқда?” каби мақолаларда бугунги куннинг муҳим масалалари ўз аксини топган.
“Ishonch” бир қатор жиддий мақолалар билан ўқувчиларига юзланади. “Дориламон кунлар келди...”, “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” каби саҳифалар шулар жумласидан. “Адоват эмас, адолат йўлини танланг”, “Бу китоб чиқса, одамлар “Ўткан кунлар”ни ўқимай қўяди” – Қодирий қайтмаган уйдаги гаплар” мақолалари, “Оламда бугун...” каби саҳифаларда ҳаёт ҳақиқатлари, ўтган кунлар хотиралари акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА