Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
11:07 / 2023-04-06

Вақтли матбуот – кундалик газеталар жамиятнинг уриб турган томирига ўхшайди. Унда куннинг муҳим  ахборот – хабар, мақолаларидан бохабар бўлиш билан бирга, бу жараён ичида яшаётган қалам аҳли заҳматини ҳам ҳис этиб турасиз.

“Янги Ўзбекистон”да Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 апрель куни бўлиб ўтган уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор шарҳи эълон қилинган. “Ўзгаришлар фалсафаси”, “Улуғ дарёлар бирлашганда”, “Референдумда овоз бериш бюллетени шакли ва тавсифи тасдиқланди”, “Яшил логистика камхарж, сифатли ва экологик тоза маҳсулот” каби саҳифаларда эзгу ниятлар ижобати, дўстлик, уйғоқ қалблар садоси акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ муҳим йиғилиш тафсилотига бағишланган шарҳ эълон қилинган. “Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар” рукнида берилган “Хоразм камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланади” саҳифаси эътиборни тортади. Марказий сайлов комиссияси, депутатлар – ҳудудларда, нуқтаи назар ва мушоҳада каби рукнларда берилган мақола, саҳифалар  муҳим, долзарб ва холислиги билан эътиборли. 

“ХХI ASR”да жиддий мақолалар кўп. “Президент ташрифи:икки соҳилдаги икки кун” мақоласида давлат раҳбарининг мамлакат шимолига қилган сафари билан боғлиқ таассуротлар акс этган. “Эртамиз учун овоз берамиз!” номли саҳифа ҳам ўқувчини ўзига тортади. “Машинага қўшиб инсофни ҳам ювиш керак-да!”, “Амир Темур байроғидаги уч ҳалқа” каби мақолалар – қизиқ, албатта, ўқинг. 

“Ishonch”  Референдумга бағишланган муҳим саҳифа билан бошланади. “Жиянбоевга иш ҳақи нотўғри ҳисобланган”, “Бошлиқ бармоғини тишлаб қолди” каби ихчам хабар-мақолаларда юзага чиққан ҳақиқатни кўрасиз. “Сифатсиз бажарилган қисми қайта асфальтланди” номли саҳифа жамоатчилик назорати қандай самара бериши мумкинлигига оддий бир мисол. “Кун нафаси” ва “Оламда бугун...” саҳифалари орқали янгиликлар олами билан танишасиз. 

“Жамият” – самимий, кўнгилга яқин газета. Қўлга олишингиз билан яхши бир суҳбатдош – дилдошга дуч келгандек бўласиз. Ихчамгина лекин ўзига яраша “юки” бор. “Бола ўғрилари ёхуд ёлғон ахборотни тарқатишдан мақсад нима?”, “Инсониада”, “Бировнинг ҳақи ёхуд тўрт ойлик кореялик чақалоқнинг самолётда йўловчиларга “ёзган хати” каби мақолаларни ўқиркансиз, беихтиёр газетани кейинги сонларини ҳам ўтказиб юбормаслик ташвиши кўнглингизда ғимирлай бошлайди.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Янгиланаётган Конституция халқ Конституциясидир”, “Уйли-жойли бўлиш инсоннинг Конституциявий ҳуқуқи”,  “Кетма, баҳор, кетма, менинг боғимдан...”, “Олтиариқда қулупнай ғарқ пишди”, “Маҳалламизда жиноятчилик, оилавий ажримлар қайд этилмади” каби мақолар эътиборли.

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА