Кундалик газета, вақтли матбуотни жамиятнинг уриб турган томирига қиёс қилиш мумкин...
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 март куни “Асакабанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” капиталига хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича тақдимотда иштироки билан боғлиқ шарҳ, муборак Рамазон ойи муносабати билан давлатимиз раҳбари номига келаётган самимий табриклар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинган. “Мен Ўзбекистон фуқаросиман”, “Яшил” энергетиканинг ҳаётбахш салоҳияти”, “Ҳокимият ва ОАВ: муносабат, муаммо, ечим” каби мақолаларда инсон тақдири, ҳаёт, инсон ва жамият манзаралари акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ тақдимот шарҳи, Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келаётган табриклар ҳамда давлат раҳбарининг “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони, “Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан танишасиз. Конституцияга киритилаётган нормалар ва уларнинг аҳамияти, янгиланаётган Бош Қомуснинг мазмун-моҳияти акс этган мақолалар, “Тафаккурнинг қудратли илдизлари. Ўзбекистон – илм-маърифат ўчоғи, зиё маркази бўлган қутлуғ замин” саҳифаси жамиятдаги ижобий ўзгаришлар, кеча ва бугунги кун ҳақида.
“Kitob dunyosi” газетаси одатдагидек инсон руҳиятига таъсир эта оладиган ранг-баранг саҳифалардан иборат. Туркий давлатлар тарихида илк бора ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги ташкил бўлгани, юртимизда шу кеча кундузда бўлиб ўтаётган “Мумтоз шеърият” фестивалига бағишланган саҳифа ва ушбу сатрлар:
Бир дарахтда новда бўлсак,
Гулу мева, кўркдирмиз.
Бирлашайлик қайда бўлсак,
Илдизи бир туркдирмиз! кўнгилларга ғурур бағишлайди. Мариана Горданнинг “Руҳият чегара билмайди” номли адабий мақоласи, устоз Абдулла Ориповнинг шеърлари, Қўчқор Норқобилнинг “Ёмғирда ёнган ҳислар” ҳикояси, Константин Паустовский, Габриэль Гарсиа Маркеснинг ҳикоялари, Меҳмет Нурий Бармоқсиз ва Салим Бобулла ўғли, устоз Дадахон Ҳасаннинг шеърлари, ҳамма-ҳаммаси ўқувчига бир олам завқ бағишлайди...
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасида эълон қилинган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Муайян турк улуси худ менингдур...” мақоласи 29-30 март кунлари Навоий шаҳрида “Мумтоз шеърият” фестивали ва ушбу фестиваль доирасида ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилишига бағишланади. “Адабий дўстлик – абадий дўстлик” саҳифаси, қолаверса, газетанинг бугунги сони орқали туркий адабиётнинг ёрқин вакиллари ижоди билан танишасиз.
“Milliy tiklanish”даги бир қатор мақолалар ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. “Масъуллик шаҳодати”, “Оқ пахтадаги “қора доғ”, “Янги Ўзбекистон, бу – Туркистон демак...”, “Токи газета ўқиш қадриятга айланмас экан, танқидлар сарғайган саҳифаларда қолиб кетаверади...” каби мақолалар ва Хосият Рустамованинг дилбар шеърлари қалбга йўналтирилган хитоб бўлиб янграйди.
“Oʻzbekiston ovozi”да “Халқ Конституцияси билан халқчил давлат сари!”, “Ўзбекистон Қаҳрамонлари янгиланаётган Конституция ҳақида” саҳифалари муҳимлиги билан ажралиб туради. “Ҳур сўз – халоскор куч”, “Садоқат туйғуси”, “Ажратилаётган кредитлар” каби мақолалар ҳам мазмун-моҳияти билан эътиборли.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Матонат қалъаси”, “Зилзила. Олдиндан прогноз қилиш имконсиз(ми?)”, “Овоз йиғишга ҳам ўқитувчи”, каби мақолаларда ёшлар, жамият ҳаёти, муаммолар ва ютуқлар акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА