Кундалик газета, вақтли матбуотни жамиятнинг уриб турган томирига қиёс қилиш мумкин...
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15-16 март кунлари Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида иштирок этиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳам Конституция бўйича референдум ўтказишни маъқуллагани тўғрисидаги маълумот, шунингдек, туркий қардошлик – ўзаро кўмак ва ҳамжиҳатлик намунаси, масъулият ҳисси, дунё ипакчилик акселатори, қайта тикланувчи энергия манбаи, буюк шоир издошлари, болангизга алла айтинг каби мақолаларда бугунги кун манзаралари акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбарининг Туркия Республикасига сафари тўғрисидаги хабар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси эълон қилинган.
“Hurriyat”да эълон қилинган “Мақсадли пул топиб эмас, ижод қилиб танилиш...” мақола эътиборли. Устоз шоир Ўткир Раҳматнинг “Изтироб гуллари” достони, Салим Ашурнинг “Баҳор, сенга шараф бўлсин!” шеъри, Сулаймон Самаднинг “Қамишзорда” номли воқеий ҳикояси, “Ҳийлакор “маклер”, “Домла”, “Ўт қўювчилар” ким?” каби мақолалар ўқувчи руҳига ўзгача таъсир кўрсатади.
“Oʻzbekiston ovozi”да “Сенат қарор қабул қилди” мақоласи муҳимлиги билан ажралиб туради. “Сурхондарё меҳнат билан юксалади”, “Финландияни таълимгина эмас, фаол сиёсат ўзгартирган”, “Бирдамлик мамлакатни қудратли қилади”, “Пенсионерла “Humo” картасидан “Uzcard”га ўтказилаётгани ростми?”, “Ҳаётни асраб қолиш бахти” каби мақолалар мазмун-моҳияти билан эътиборли.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “11 миллион кўчат экилди”, “Бепул тушлик: чириган олма, сичқон еган ширинликлар учун ким жавоб беради?”, “Сарсон талабалар”, “Спорт жиноятчилик илдизини қирқмоқда” каби мақолаларда ёшлар ҳаёти, муаммолар ва ютуқлар акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА