Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
11:14 / 2023-02-08

Кундалик газеталар – вақтли матбуот жамиятнинг уриб турган томирига ўхшайди...

 “Янги Ўзбекистон”да 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туркман халқининг миллий етакчиси ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти, давлат раҳбари ҳузурида инфляция даражасини пасайтириш чоралари муҳокамасига бағишланган йиғилиш тўғрисида шарҳ эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан ҳам газета орқали танишишингиз мумкин. ”Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этишда фаол кўмак кўрсатмоқда”, “Сейсмик фаолликнинг Ўзбекистонда  таъсири қандай?”, “Бинолар зилзилабардошлиги қандай мезонлар асосида аниқланади?” каби мақолалар газетхон диққат марказида бўлади. “Изчил ва ҳаётбахш янгиланишлар”, “IPO – иқтисодий барқарорлик локомотиви”, “Навоийдан узоқлашган авлод биздан эмас...” мақолаларида жамиятнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий қиёфасига чизгилар акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ муҳим хабар, шарҳ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. “Зўравонлик ҳолатларига бефарқ қараб бўлмайди”, “Аномал совуқнинг қишлоқ хўжалигига ижобий ва салбий таъсири тўғрисида соҳа олим ва мутахассисларининг фикрлари қандай?”, “Судянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак” каби бир қатор таҳлилий мақолалар газетхон эътиборидан четда қолмайди.

“Hurriyat”да бир қатор жиддий мақолалар бор. “Буюк шоирнинг халқпарварлиги ёхуд Ҳиротдан Хоразмга минг оила кўчган (ми?)”, “Туркия: зилзиладан кейин” саҳифаларини, албатта, ўқинг. “Сингапурлик мутахассислар нима дейишди? Ёхуд дизайн фикрлаш, мактаблардаги асосий муаммолар ва ақл кўзи ҳақида...” мақоласи таълим тизимини яхшилишга қаратилгани билан эътиборли. “Радио ўз нуфузини сақлаб қолади...ми?” мақоласи ҳам муҳим. Жон қулоғимиз билан тинглаб келган радионинг тақдири ўқувчини бефарқ қолдирмайди.  “Хорижда педофиллар қандай жазоланади?”, “Аттестация коррупция билан эгизакми?”, “Пушаймонлик” каби мақолалар жиддий, мушоҳадаларга бойлиги билан эътиборли. 

“Maʼrifat”  кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. “Маърифат”сиз таълим – 2... ёхуд Олтинсойда бу йил ҳам бир дона “Маърифат” келади” мақоласи ўқитувчи – муаллимлар учун жиддий огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграйди. “Китобга қизиқишни янги аср техникаси “тортиб” олмасин”, “Мурожаат ва ечим: Тоифаси туширилган ўқитувчи қаерга боради?”,  “Сиз қачон дарс ўтасиз, муаллим?!”, “Навоий маънавий оламига йўл”, “Бобур сиймоси XX аср инглиз адиблари талқинида” каби мақолаларда бугунги таълим, унинг ютуқ ва муаммолари хусусида сўз боради, буюкларга эҳтиром акс этган.

“Oʻzbekiston ovozi”да ҳам ўқувчи эътиборини тортадиган мақолалар  бир талай. Қардош турк заминида юз берган фожиларга бағишланган “Мусибат ва муҳаббат” мақоласини юракда изтироб билан ўқийсиз.  “Фракция саволига жавоб топилармикан?”, “Триллионлик дастур”, “Базальт. Кўп қаватли уйлар совуқ ўтмайдиган бўлди” каби мақолаларда таҳлил, таъкид, бирлик ва якдилликка интилиш акс этган.

“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Ўзбекистон ёшларни севади”, “Ёшлар ташаббуслари қўллаб-қувватланди”, “Янги Ўзбекистон ислоҳотчилари”, “100 нафар ёш профилактик ҳисобдан чиқарилди” каби мақолаларда тезкор ҳаёт, изланиш, ёшлар қалбига йўл, ватанга муҳаббат туйғулари мужассам. 

Бугунги газеталарни ўқинг.

   

                                                                                      А.Нарзуллоев, ЎзА