French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:54 / 2023-01-12

Газеталарни варақлаб, вақтли матбуот – газеталар ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурганини ҳис этиб турамиз.

“Янги Ўзбекистон”да Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишгани хусусидаги хабар – шарҳ билан танишасиз. “Тарихимиз ибрати. Буюк бобомиз – Амир Темур дунё халқлари учун қандай мерос қолдирган эди” мақоласини, албатта, ўқинг. Унда Соҳибқирон бобомиз энг мақбул йўл – мақсадга жангсиз эришиш эканлигини кўп исботлаганини кўрасиз. Ватан ҳимоячилари куни олдидан тайёрланган ушбу мақолада ўлмас тарих ва ибрат бор. “Юқори иқтисодий салоҳият. Фарғонада ундан фойдаланиш даражаси қониқарлими?”, “Давлат хизматчиси қандай фазилатларга эга бўлиши лозим?” каби мақолаларда қўйилган саволларга жавоб ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. “Шаҳар ичидаги шаҳар” – жойларда бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари хусусида. “Илк тақвим битилган сийпантош ёхуд хорижлик сайёҳларни Қашқадарё нимаси билан мафтун этмоқда?” саҳифасида юртимизнинг бетакрор манзаралари акс этган. 

“Халқ сўзи”да давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ расмий шарҳ – хабар билан танишасиз. Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Тинчликка хизмат қилиш – энг шарафли иш” ҳамда “Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир” саҳифаларида инсон ва жамият хусусида сўз боради. “Буюк Британиянинг етакчи сайёҳлик нашриёти Қорақалпоғистонни эксклюзив туризм йўналишлари рўйхатига киритди”, “Германиядаги йирик халқаро кўргазмада Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг салоҳияти намойиш этилмоқда” каби мақолаларда Ўзбекистон ва ташқи дунё ҳамкорлиги акс этган. “Мевали дарахтларни совуқдан қандай сақлаш мумкин?” мақоласи орқали шу кеча-кундузда актуал бўлиб турган баъзи саволларингизга жавоб оласиз. 

“ХХI ASR”да эълон қилинган “Мингинчи дийдор” мақоласи газета босиб ўтган йўл, таъбир жоиз бўлса, минг қадам ҳақида. Атоқли адибимиз Эркин Аъзам: “XXI аср”нинг мингинчи сони чиқаётир! Демак, муштарийлари билан минг марта юзлашган. Демак, уларнинг кўнглини қолдирмагандирки, мингинчи бор чоп этилаётир. Офарин! Камина ана шундай “вафодор” муштарийлар сафидаман десам лоф бўлади. Аммо “тўйбола”миз саҳифаларини безаган энг довруқли материаллардан доим хабардорлигимни айтиб фахрлансам арзийди...” деб ёзади. “Ҳақиқий баҳони халқ беради” саҳифаси ҳам эътиборли. “Бошимизга кўтарсак, арзийдиган одамлар”, “Тор жойдаги томоша” мақолалари орқали бугунги кун манзараларига гувоҳ бўласиз.

“Ishonch” – “Қандай гўзал қиш!.. саҳифаси билан ўқувчиларига юзланади. “Машаққатларни албатта енгамиз!” саҳифасида тиббиёт тизимидаги мавжуд муаммолар хусусида сўз боради. “Айтишларича...”, “Ҳамширалар нега ишга қўйилмади?”, “Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилса...”,  “Дастлабки таҳлиллар нималарни кўрсатмоқда?” каби смақолаларда бугунги ҳаёт, муаммолар, уларнинг ечими акс этган. “Улар энди самода тўп тепишади...” саҳифаси футбол қироли босиб ўтган шонли йўл хусусида. Унда: “Само терма жамоаси енгилмасдир. Чунки бу жамоада Пеле ва Марадона ўйнайди” деган фикрларга дуч келасиз.

“Oʻzbekiston ovozi”да эълон қилинган “Бу кечаги армия эмас” мақоласи эътиборли. “Тиқилинчлар талабалар вақтини ўғирлаш ҳисобига ҳал қилинадими?”, “Дори-дармонлар рекламаси тақиқланиши керак”, “Шифокор бўлмасангиз, қотил ҳам бўлманг”, “Миграция агентлиги: Европага ҳам йўл очиляпти” каби мақолалар  газетхон эътиборидан четда қолмайди.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Кескин совуқда қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорва моллари қандай асралади?” мақоласини шу кеча-кундузнинг энг муҳим мақолаларидан бири дейиш мумкин. “Сайҳунободда янги машина-трактор парки  ва биолаборатория фаолият бошлади”, “Илдизи йўқ дарах эрта баҳорда қурийди, тарашага айланади”, “Чумчуқлар нега кўринмай қолди?” каби мақолаларда қишлоқлардаги асл ҳаёт, ўзгаришлар акс этган. 

Бугунги газеталарни ўқинг.

   

А.Нарзуллоев, ЎзА