Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
11:24 / 2022-11-02

Вақтли матбуот, газеталар орқали куннинг муҳим  ахборот, хабарларидан бохабар бўлиш баробарида қалам аҳлининг заҳматли меҳнатини ҳам ҳис этиб турасиз.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 1ноябрь куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани тўғрисидаги хабар билан танишасиз. Давлат раҳбари ҳузурида иқтисодиёт тармоқларига йўналтирилган имтиёзлар самарадорлиги бўйича бўлиб ўтган йиғилиш тафсилотларига бағишланган шарҳ, ШҲТ саммитининг якуний ҳужжати, Самарқанднинг эзгулик овози, давлат хизматчисининг одоб-ахлоқи, “турк” – “гўзал”, бағрикенг одамлар юрти каби мақолаларда жамият ҳаёти, ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар, замондошларимиз қиёфаси акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштирокидаги муҳим тадбирларга кенг эътибор қаратилган. “Ўзбекистон минтақавий ва глобал масалаларга ечим топишда асосий ташаббускорга айланмоқда”, “Ўзбекистон – Туркманистон дўстлигининг янги ёрқин саҳифалари”, “Ислоҳотлари натижа бераётган Ўзбекистонга Европа Иттифоқининг ишончи баланд” каби саҳифалар, шунингдек, қонунчилик палаталари фаолияти билан боғлиқ материаллар эътиборни тортади. 

“Hurriyat”да чуқур таҳлилга асосланган мақолалар анча. “Замонавий журналистика сабоқлари ёхуд Фарғонада бўлиб ўтган халқаро конференцияда нималарга ишонч ҳосил қилдик?” мақоласи, таниқли журналист Ҳусан Эрматовнинг “Босма нашрларнинг трансформацияси: нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда?” мулоҳазаларида матбуотнинг бугун ва эртаси хусусида сўз боради. “Сўзнинг боши нима-ю, ишнинг боши неда?”, “Кечагина ёнимизда эди...”, “Дўстим барибир – ғолиб”, “Армонлари кўп одам” мақолаларида мулоҳаза, дил оғриқлари ва кўнгилга хитоб бор. Гулзебо Иброҳимованинг “Майсаларга айтдим Исмингни...” шеърий туркуми мутоласидан кўнгил куч-қувват олади.

“Oʻzbekiston ovozi”да эътиборни тортадиган мақолалар кўп. ”Ўзбекистон халқ демократик партияси 31 ёшда” мақоласи шулар жумласидан. “Тиббиёт ходимини ҳам, беморни ҳам ҳимоя қилиш керак”, “Депутатлар окрукдан натижа билан қайтдими?”, “Марказий банк раиси пул билан боғлиқ саволларга жавоб берди”, “Аёллар навбатда, эркаклар қаерда?” каби мақолаларни шунчаки, беэътибор ўқий олмайсиз.

“Maʼrifat”нинг бугунги сонида эълон қилинган “Бюджет маблағи мақсадсиз сарфланса...” мақола эътиборни эътиборли. “Қопга жойланган  “раҳмат” саҳифасини ўқиб, ўйга толасиз. “Мактаб дарсликларининг пуллик ижараси Конституциянинг 41-моддасига зидми?” саҳифаси ҳам газетхон эътиборидан четда қолмайди. “Таълимдаги ислоҳотлар мазмуни энг қуйи тизимгача етиб бормаяпти” каби мақолаларда бугунги таълим, унинг ютуқ ва муаммолари хусусида сўз боради.

“Yoshlar ovozi” – чин маънода ёшлар минбари. “1000 та жўжа олдим”, “Туркияда “жадидлар ҳафталиги”, “Фидойи ёшлар етакчиси”дан янги тажриба”, “Тўмарис издоши”, “Ўзбекистонга ўқишни кўчиришга рухсат берилди” каби мақолалар руҳида ёшлар қалбига йўл, ватанга муҳаббат туйғулари мужассам. 

Бугунги газеталарни ўқинг...

                                                                              А.Нарзуллоев, ЎзА