Бугунги газеталарни ўқиб туриб, мамлакат, минтақа ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар билан танишасиз, дунё кескин ўзгараётганинига гувоҳ бўласиз.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида дунёнинг аксарият мамлакатларида муаммо бўлиб турган озиқ-овқат масаласи Ўзбекистонда қандай, деган саволга жавобни 18 июль куни Давлат Раҳбари раислигида ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши тафсилотларига бағишланган шарҳдан билиб оласиз. Газета орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан ҳам танишасиз. Ташаббусли бюджет, Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда, ягона ўқув формаси, санъат аҳлига имкониятлар, бир вилоят эҳтиёжига тенг тежамкорлик ва Самарқандга борсам мен агар... каби саҳифа – мақолаларда инновацион ўзгаришлар, инсон онги ва дунёқарашида юз бераётган ўзгаришлар акс этган.
“Халқ сўзи”нинг “Ўзбекистон Президентининг минтақалараро ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини амалга ошириш ташаббусини жаҳон ҳамжамияти бир овоздан маъқуллади”, “ШҲТ янги руҳ билан бойиб бормоқда”, “Самимий мулоқотлар, юксак ишонч ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди” каби саҳифаларида Ўзбекистон ва ташқи дунё ўртасидаги беғараз ҳамкорликни кўрасиз. “Uzbekistan GTL” заводи юқори сифатли дизель ёнилғисини истеъмолчиларга етказиб беришни бошлади” мақоласи чин маънода хушхабар бўлиб янграйди. “Йиллар, йўллар одамлар” саҳифасида берилган лавҳа, мақолалар ҳам мароқ билан ўқилади.
“Ishonch”да эълон қилинган бир қатор мақолалар эътиборни тортади. “Юзларда балқийди бахтиёрлик туйғуси” саҳифаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Биз бир элмиз, бир халқмиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларимиз!” шиори остида 150 нафар Оролбўйидан келган ўғил-қиз Зомин туманидаги “Зомин” болалар оромгоҳида дам олаётгани хусусида. “Ўзбекистон қурилган ГЭСлар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчи”, “Махсус кийим кимнинг ҳисобидан?”, “Номангизда нима битилган?” каби мақолаларда бугунги ҳаёт, жавобини кутаётган саволлар бор. “Глобаллашув жараёнида дунё аҳолисининг таркибий тузилиши ва ўзгариш жараёнлари” номли мақолада чуқур таҳлил ва таққос бор. “Фарзандларингиз кўнглини ўкситманг!”, “Бахт бойлик билан ўлчанмайди ёхуд бугунги кунда совчиларни ташвишлантираётган жиддий муаммо” каби мақолаларда ҳаётий сабоқ, ота-оналарга таъкид бор. Кун нафаси рукнида берилган ахборотлар орқали эса муҳим янгиликлардан воқиф бўлиш имконига эга бўласиз.
Бугунги газеталарни мутолаа қилинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА