English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда...
10:36 / 2022-06-01

Вақтли матбуот, газеталар орқали куннинг муҳим  ахборот, хабарларидан бохабар бўлиш баробарида қалам аҳлининг заҳматли меҳнатини ҳам ҳис этиб турасиз.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 31 май куни аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш тафсилотига оид шарҳ, Тожикистон Республикаси Президенти Э.Раҳмоннинг расмий ташриф билан Ўзбекистонга келаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Андижон давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан танишасиз. “Ўзбекистон – Тожикистон: Яхши қўшнилар ва ишончли ҳамкорлар”, “Конституциявий ислоҳотлардан мақсад инсон ҳуқуқлари ҳимояси” мақолаларида муҳим мавзулар атрофида билдирилаётган муносабатни кўрасиз. Маданият ва санъат байрами, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, янги Ўзбекистон ташаббуслари билан боғлиқ мақолаларда жамият ҳаёти, ижтимоий, иқтисодий ўзгаришлар, замондошларимиз қиёфаси акс этган.

“Халқ сўзи” газетасининг бугунги сонидан ўрин олган Владимир Норов: “Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади” саҳифаси икки дўст давлат ҳамкорлиги, ҳамкорлик истиқболлари ҳақида. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ҳамда “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлари билан танишасиз. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Оила бағрида улғайиш бахти” саҳифасида ҳикмат ва ибрат бор.

“Oʻzbekiston ovozi”да эътиборни тортадиган мақолалар кўп. “Озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотини яхшилаш чоралари кўрилди”, “Беғубор болалик” саҳифалари муҳим ва долзарблиги билан эътибордан четда қолмайди. “Буғдой ноннинг асл баҳоси қанча?” мақоласини, албатта, ўқинг. Унда дунёда ун маҳсулотларига эҳтиёж ортаётгани, озиқ-овқат тақчиллиги эшик қоқиб турган палла юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар ҳақида сўз боради. “Талабалар футбол мухлисларига умид бера оладими?”, “Чақалоқ “баҳоси” 18 000 АҚШ доллари”, “Ёлғиз аёлнинг молига тикилган кўз” каби мақолалар диққат билан ўқилади. Уларда бугунги кун оғриқлари бор, афсус ва ўкинч бор...

 “Maʼrifat”да эълон қилинган “Вазифамиз таъмир эмас, таълим”, “Бизга қай бири керак: бир уюм ҳисоботми ёки билимдон авлод?” саҳифаларида кўтарилган муаммолар нафақат устоз – мураббий, ўқитувчиларни, балки ҳамма-ҳаммани бирдек ташвишлантиради. Уларда мактаб ҳаёти, ўқитувчи дуч келаётган муаммолар ва муаллим “ичидаги дард” савол бўлиб янграйди. “Ўқитувчи ёмон бўл демайди”, “Кредит – модул тизими: эркинлик ва танлов ҳуқуқи”, “Билимли ўқувчилар тарафидамиз” каби мақолаларда мактаб, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳаёти, ютуқ ва муаммолари, имкониятлари хусусида фикр юритилади.

“Yoshlar ovozi” – чин маънода ёшлар минбари. “Ғолиблар кутиб олинди”, “Кўриб, кўрмасликка олинган муаммо”, “Уч авлод учрашуви”, “Орзулари осмон қиз эди” каби мақолалар руҳида ёшлар қалбига йўл, ушалган-ушалмаган орзулар, ватанга муҳаббат туйғулари мужассам. 

 Бугунги газеталарни ўқинг.

                                                                              А.Нарзуллоев, ЎзА