Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда...
10:53 / 2022-05-25

Газеталарда ҳаёт нечоғли акс этаяпти? Куннинг муҳим хабар, лавҳа, мақолаларидан кўнгил тўлаяптими? Бу каби саволларга кундалик газеталар мутолааси орқали жавоб оласиз...

 “Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида юртимиз ҳаётига оид бир қатор муҳим мақолалар эълон қилинган. Хусусан, давлат раҳбарининг бугун катта ҳаётга қадам қўяётган мактаб битирувчиларига йўллаган табриги замирида ёш авлодга бўлган катта эътибор ва ғамхўрликка гувоҳ бўласиз.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 24 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти, нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган шарҳни ҳам муҳим хабарлар сифатида эътироф этиш мумкин. Муқобил энергетика, янги Ўзбекистон руҳи, давлат дастури-амалда, пиллачилик, бугуннинг гапи, илм-фан ва мозийдан садо каби рукнларда берилган мақолаларда ислоҳотлар кўлами, дил изҳорлари ва замондошларимиз қиёфасига чизгиларни кўрамиз.

“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги, муҳим тадбир ва мулоқотлар тафсилоти ҳамда “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ўрин олган. “Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти ва зарурати нимада?”, “Боқимондалик балоси. Ундан қачон халос бўламиз?” каби мақолаларда муҳим сиёсий жараёнлар таҳлили, мулоҳаза ва мушоҳадалар акс этган. Парламент ва жамият ҳаётига оид бир қатор хабар, мақолалар муҳим ва жиддийлиги билан эътиборни тортади.         

“Maʼrifat” газетаси –  мактаб, таълим тизимига алоқадор ўқитувчи, мутахассислар учун қулай қўлланма. “Аттестациядан ўтолмасак нима бўлади?” саҳифасида  ўқитувчи – устозларни қизиқтирадиган кўплаб саволларга жавоб бор. “Улар мактабга савод чиқариш учун келиши керак!” номли мақолада кўтарилган муаммо, савол  ҳам  кўпчиликка қаратилгани билан аҳамиятли. Яна бир қатор мақолаларда бугунги таълим, унинг ютуқ ва муаммолари хусусида сўз юритилади.

“Yoshlar ovozi”  газетасида эълон қилинган “Марказий Осиё Ёшлар форуми. Ҳамдўстлик учрашувлари давом этади” саҳифасида минтақа ёшлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ҳақида сўз боради. “Ҳунардан зар унар”,  “18 680 янги иш ўрни яратилди”, “OLX. UZ” DA Алданган талаба”, “Кичик вилоят марказида ҳар қадамда ароқ-вино, битта китоб дўкони бор...”  каби мақолаларда бугунги ёшлар, уларнинг муаммолари ва ушбу муаммолар ечими тўғрисида сўз боради... 

Бугунги газеталарни ўқинг...

                                                                              А.Нарзуллоев, ЎзА