Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда…
10:56 / 2022-05-12

Матбуот – кўзгу. Кундалик газеталарни қўлга олар эканмиз, оммавий ахборот воситалари муҳим хабар, воқеа-ҳодисаларни, ҳаётни ўзида тўла акс эттира олаяптими, деган ўй кўнгилдан ўтаверади.

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида ғаллачилик тизимидаги муҳим ислоҳот – янгилик билан танишасиз. «Ғаллачиликда бозор механизмларини жорий қилиш давом эттирилади» шарҳи давлат раиси бошчилигида бўлиб ўтган долзарб мавзуга бағишланади.  Президент ташрифидан сўнг, Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда рукнларида берилган саҳифаларда жойлардаги ижобий ўзгаришлар хусусида сўз боради.  Халқаро форум, замонавий ёндашув, фармон ва ижро, тараққиёт омиллари, сунъий интеллект, ёшлар ташаббуси, обод манзиллар ва эзгу қадрият ғоялари устувор мақолалар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

“Халқ сўзи”да эълон қилинган «Бўзатовда ёшлар овози» мақоласи ёшларни бирлаштирган миллий фестивал сифатида эътиборни тортади. «Йиллар, йўллар, одамлар» саҳифасида берилган бир туркум мақолалар асл ҳаёт манзараларини ўзида акс эттиргани билан ажралиб туради. «Кўзгу» саҳифасидаги мақолаларни мазмун-моҳияти билан ушбу саҳифанинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Шунингдек, газета орқали Ўзбекистон Республикасининг «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги қонуни билан ҳам танишасиз.

“XXI ASR”да эълон қилинган бир қанча мақолалар чуқур таҳлилга асослангани ва муҳимлиги билан эътиборни тортади. «Ғаллани давлат томонидан сотиб олишда бозор нархларига ўтилади» мақоласи, айниқса, аҳамиятли. Шунингдек, газета саҳифаларида эълон қилинган «Нега айнан Жиззах вилояти табиати муҳофазага олинди?», «Чиқинди муаммоси маданий ва инсоний даражамизни белгилайдими?», «Қирқ уйли овул эллик йил аза очди фарзандларига» каби мақолаларда бугунги кунимизга чизгилар, ютуқлар, муаммолар ва ички дард, оғриқлар акс этган.

“Ishonch”нинг бугунги сони қизиқарли ва мулоҳазаларга бой.  «Асосий ставка пасаймайдими?» деган савол билан “Ishonch” Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурматовга юзланади. Ушбу саволга жўяли жавоб олиш ўзингиз учун ҳам муҳимлигини ҳис этасиз. “Миллат генофондига хиёнат ёки яхши фармацевтикасиз соғлом авлодни асраб қололмаслигимизни қачон англаб етамиз?” мақоласида кўтарилган савол ҳам  аниқ эгасига – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевга йўналтирилган бўлса-да, сизни ҳам мушоҳада юритишга, бефарқ бўлмасликка ундайди. “Чиқитга чиқаётган хазина”, “Ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ”, “Ўтин ёришга сарфланаётган истеъдод” мақолаларида инсон умрининг турли лаҳза, онлари акс этганини кўрасиз. “Сидқийнинг сўнгги сафари”, “Ўғил бола тарбиясига ким кўпроқ масъул?” саҳифаларида ўтмиш сабоқлари, мулоҳаза ва  безовталик, ён-атрофга теран нигоҳ бор.

“Жамият”да эълон қилинган “Президент кучни қаердан олади? мақоласи эътиборли. Аброр Зоҳидовнинг ушбу мақоласи давлат раҳбари ва унинг тиғиш иш режаси таҳлилига бағишланади. Филология фанлари доктори, профессор Нусратулло Жумахўжанинг “Ўқитувчининг диктантига «1» баҳо қўйилди ёхуд ёзув қўшҳокимиятчилиги қачонгача?” номли мақоласида кўтарилган масала барчага бирдек тегишли. Олим ушбу мақолада узоқ йиллардан буён лотин ва кирил алифболари ёнма-ён “яшаб” келаётгани ва бунинг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритади. Акбар Файзнинг “Қизингиз сепида китоб борми?” мақоласида муҳим мавзу қаламга олинган. Ҳозир борми-йўқми, бир нима дейиш қийин, лекин қачонлардир грузин оналари қизларининг келинлик сепига Шота Руставелининг “Арслон терисини ёпинган паҳлавон” китобини қўшиши урф бўлгани бор гап. Бу мақолани оналар ўқиши ва унга амал қилиши жуда муҳим. ”Вамбери 200 йил аввал ўзбекларни қандай тасвирлаган?”, “Шоир қўшиқчини судга берди. Нима учун?” мақолалари ҳам мароқ билан ўқилади. 

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Тахиатошда сувни тежайдиган технологиялар амалиётга жорий этилмоқда”, “Oʻzbek SEEDS” – қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигида миллий бренд”, “Ғўза парвариши бошланди: бунда нималарга эътибор қаратиш керак?”, “Самарқандда қорамолчилик йўналишида 38 та лойиҳа ишга туширилади” каби мақолаларда қишлоқлармиздаги ҳаёт ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг.

                                                                                        А.Нарзуллоев, ЎзА