Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда…
11:56 / 2022-04-28

Кундалик газеталарни қўлга олганда матбуот, ОАВ ўз ўқувчилари ишончини оқлаяптими, деган ўй кўнгилдан ўтаверади...

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида давлат раҳбарининг “Республикада каврак етиштиришни ривожлантириш ва саноатлаштиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳамда 27 апрель куни қишлоқ хўжалигида лойиҳаларни амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилишлар  шарҳи билан танишасиз. Қалбларни ҳайратга солган маҳорат ва маҳобат чизгиларини қайта тиклашда қандай хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда? Бу жабҳада аждодларимиз тажрибасидан ўз ўрнида фойдаланаяпмизми?.. – “Маънавий ва маърифий қудратимиз тимсоли” мақоласида ана шу масалалар ҳақида сўз боради. Шунингдек, буюк ўзбек йўли, обод манзиллар, ёшлар бандлиги, илм-фан ва интеграцияга оид мақолалар ҳам муҳим ва долзарблиги билан эътиборни тортади.

“Халқ сўзи”да бугун ва эрта бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси олдидан қатор материаллар эълон қилинган. “Ўзбекистонда илм-фан ривожи нималарга боғлиқ” саҳифасида асосли таҳлил ва зарур таклифлар ўртага ташланган. “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” мақоласида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотираси, бебаҳо меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳақида сўз боради. Кичик тадбиркорлар учун имтиёз, Литвада Ўзбекистон маърифий маркази очилиши, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига оид бир қатор мақолалар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. 

“Ishonch” ўз ўқувчиларига жиддий ва қизиқарли мақолаларни таклиф этади. “28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” саҳифаси, айниқса, эътиборни тортади.  Бир неча катта-кичик материалларни ўзида жамлаган ушбу саҳифада меҳнат ва унинг муҳофазаси масалалари кенг ёритилган. “Бой берилаётган имконият ёхуд оромгоҳлар қачон ором масканига айланади?” мақоласи шу куннинг долзарб масалаларидан. Ҳадемай мактабларда таътил даври бошланади ва  оромгоҳлар эшиги очилади. Аммо бу масканларда  аҳвол қандай, деган савол ҳам бор. “Ishonch”нинг сўнгги сонларида бу ҳақда тинмай бонг ураётгани соҳа мутасаддиларига огоҳлик қўнғироғидир. Шунингдек, “Бозорда нима гап?”, “Мактаб директори қандай инсон бўлиши керак?” каби мақолаларда кўтарилган саволлар муҳимлиги билан эътиборни тортади. 

“Жамият” – ихчамгина,  аммо тош босадиган мақолаларга бой.  Нуруллоҳ Достоннинг «Отам берган китоблар» мақоласи мароқ билан ўқилади. Унда китоб, унинг инсон ҳаётида тутадиган ўрни ҳақида самимий ҳикоя қилинади. “Дабдала, ҳашам, исроф ёхуд уқувсиз харажатлар хусусида” саҳифаси мазмун-моҳияти билан китоб ҳақидаги мақоланинг мантиқий давоми. Уни мутолаа қилиб яна бир бор нажот – китоб ўқишда, таълимда эканига ишонч ҳосил қиласиз. “Манзил яқин, диллар муштарак” ва “LIKE” қурбонлари” мақолаларида инсон онгидаги бир-бирига зид икки хил қараш акс этгани ва унинг жамият учун нечоғлик фойдали ёки зиёнлигини кўрасиз. 

“XXI asr”да бир қатор муҳим мақолалар эълон қилинган. Газета бош муҳаррири, таниқли журналист Норқобил Жалилнинг «Биз расмиятчилик учун ишламаймиз!» мақоласида OʻzLiDePнинг бугунги  фаолияти самимий, беғараз очиб берилган. “Ўз келажагимга ўзим инвестор”, “Ташқи қарз ошаётганидан хавотирланманг”, ОIх. uz даги ОЛҒИР 24 нафар эълон берувчини 300 миллионга қандай “ухлатди” каби мақолаларни ўқиётганда “XXI asr”чиларга раҳмат айтасиз...

“Qishloq hayoti”ини варақлаб, юртимиз қишлоқлари, ундаги асл ҳаётни кўрасиз. Давлат раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишасиз. “Самарқандлик олимлар буғдойнинг янги, серҳосил навини яратди”, пахта саноати ва яшиллик кушандаси – зарарли чигирткаларга қарши курашиш ва сув билан боғлиқ мақолалар ўқувчи эътиборидан четда қолмайди...

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА