Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда…
12:24 / 2022-02-17

Кундалик газеталар билан танишиб борар эканмиз, ҳамкасбларимиз – оммавий ахборот воситалари ходимларининг холислиги кўзга яққол ташланиб туради. 

“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида расмий хабарлар, мақолалар, мамлакат миқёсида амалга ошаётган янгиликлар шарҳига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Ҳоким ёрдамчиси: ҳар бир инсон ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартириш салоҳиятига эга. Юртдошларимизга бу борада ҳар томонлама кўмаклашамиз” мақоласида маҳаллаларимиздаги “ўсиш нуқталари”ни кўрамиз. Академик Наим Каримовнинг атоқли шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Сўнмас юлдуз истеъдоди” мақоласида улуғ шоир шахси ва ижодининг ўқувчига маълум бўлмаган номаълум қирралари ҳақида сўз юритилади. Хавфсиз йўл – хавфсиз пиёда, халқ қабулхоналари, мактабларда ўқувчилар бепул овқатланаётгани ҳақидаги қатор мақолалар бугунги кун қиёфасига ўзига хос чизгилар берилгани билан эътиборни тортади.

“Халқ сўзи”да ҳам муҳим мақолалар бир талай. “Миллий уйғониш Ўзбекистонни энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқади”, “Глобаллашув даврида олдинга қараб натижали қадамлар қўйиш зарур”. “Озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим йўналиши”, “Ҳайдовчилар ҳушёрликни унутмасликлари керак”, “Тиббий хизматлар сифати қачон ошади?” каби мақолалар мазмун-моҳияти билан бугунги кун муаммоларига бағишланган.

“Ishonch”нинг бугунги сони ҳам ўқувчини қизиқтирадиган саҳифалардан иборат. Касаба уюшмалари фаолияти билан боғлиқ бир қатор лавҳа, мақолалар, “Кун нафаси” ахборотлар хабарномаси эътибордан четда қолмайди. “Жавобини кутаётган саволлар” саҳифаси орқали жойларда одамлар қандай муаммоларга дуч келаётганидан воқиф бўласиз. Оғриқли саволлар ечими сизни ҳам бефарқ қолдирмайди. “Кичик дарё қандай пайдо бўлган эди? Ёки Қилич Ниёзбойнинг исмини тарихга муҳрлаган обида”, “Чекишни чеклаб бўлади” мақолаларида ибрат ва мулоҳазага йўғрилган инсоний муносабатни кўрасиз.

“Жамият”да эълон қилинган “Инсон тақдири, ҳаёти ҳамма нарсадан устун...” мақоласи сўнгги кунлар асосий мавзуга айланган йўл-транспорт хавфсизлиги ва қонун устуворлиги хусусида. Бобур Мирзо ҳаётига оид “Сўзумни уқуб англагайсен ўзумни” саҳифаси орқали яна бир бор улуғ бобокалонимиз сийратини кўрасиз. “...Одам бўлишга интилганман”, ”Замондан одимлаш вақти”, “Яратганнинг ишига аралашма” каби мақолаларда бугуннинг руҳи, ҳаёт сабоқлари акс этган...

“ХХI ASR” нинг бугунги сонида “Чорвачиликни ривожлантириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди”, “Рўзғор обод бўлса, оила дастурхони тўкин бўлади” саҳифаларида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи хусусида сўз боради. “Арзон, қулай ва тезкор”, “Ўзбек адабиётининг маҳак тоши” каби мақолалар мароқ билан ўқилади. Яна бир қатор мақолалар ранг-баранглиги ва кўтарилган масалаларининг муҳим, долзарблиги билан газетхон эътиборида бўлади.

“Инсон ва қонун”да эълон қилинган “Қалбида самимият мавж урган инсон ёхуд ҳам одам, ҳам олим бўлолган раҳбар ҳақида...” саҳифасини ўқувчи қизиқиб мутолаа қилади. “Адлия одамлар орасида” саҳифаси газетхонни ҳушёр торттириб, мушоҳадага ундайди. “Меҳр музласа, бахтга дарз кетар...” мақоласида оддий инсоний дардни кўрасиз...

“Qishloq hayoti”да ҳам чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида саҳифа берилган. “Самарқандга ўтган йили қарийб 8 минг бош зотдор қўй келтирилди” мақоласи, “Коррупцияга қарши бирга курашамиз”, “Пахта-тўқимачилик кластерининг “SAYXUN GOLD OIL” корхонаси иш бошлади”, "Риштон кулолчилиги дунё бозорини забт этмоқда” саҳифалари ранг-баранглиги ва қизиқарлилиги билан эътиборни тортади.

Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг...

А.Нарзуллоев, ЎзА