Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда…
11:49 / 2022-02-04

Матбуот, оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос хусусиятларидан бири – уни мутолаа қила туриб, бугун одамлар нима ташвиш билан яшаётгани, дунёни нималар безовта қилаётгани сезиб, ҳис этиб турасиз.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг бугунги сонида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойда бўлиб ўтаётган қишки олимпия ўйинлари очилиш маросимида иштирок этаётгани ҳақида хабар берилган. Тараққиёт мезонлари рукнида берилган “Андижон тажрибаси: соз ва қулай ички йўллар”, “Мамлакат истиқболининг нурли маёғи” саҳифалари ҳам мазмун-моҳияти билан ўқувчи эътиборини тортади. Таълим, экологияга бағишланган мақолаларда ҳам бугунги куннинг муҳим масалалари хусусида сўз юритилади.

“Халқ сўзи”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойда қишки олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этаётгани ҳақида хабар берилган. Газетадан шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот ҳам берилган. “Ўзбекистон дунё нигоҳида” саҳифасида берилган мақолалар юртимиз номи чет элларда тобора баландроқ янгараётганидан дарак беради. Яна бир қатор хабар, лавҳалар ўзгараётган юртимиз ҳақидаким, ўқувчи назаридан четда қолмайди.

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасининг маънавий-маърифий ҳаётимизда алоҳида ўрни бор. Газетанинг бугунги сонида Давлат Раҳбарининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишасиз. Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Манга ул ким анису соҳибдур...”,  Собир Жўрақуловнинг “Навоийга эҳтиром”, Гулноз Холлиеванинг “Нодир қўлёзмалар”, Буробия Ражабованинг “Буюк фақиҳ” мақолалари Алишер Навоий ҳазратлари шахсияти, ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланади. Газета саҳифаларидан ўрин олган бошқа маърифий мақолалар ҳам кўнгилга яқин, мутолаа қилсангиз, афсусланмайсиз.

“Адолат” газетасининг бугунги сони ранг-баранг. “Ё ҳалокат, ё саодат...” саҳифаси А.Авлонийнинг авлодларга қарата айтилган ана шу “огоҳи” билан бошланади. Газетадан ўрин олган “Ўз шеърига ўзи йиғлаган шоир...” суҳбатини  ички бир ўкинч билан мутолаа қиласиз.  Газета мухбири Саодат Матёқуб қизининг  севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира ас – Салом билан қилган суҳбати ҳаёт, адабиёт, беназир шоир умрининг энг рангин лаҳзалари ҳақида... “Аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53фоизи юрак-қон томир касалликлари сабаб бўлмоқда”, “Таниш-билиш иллатми?” Ёхуд ижтимоий юксалиш қонуниятлари нимада?” мақолаларида бугунги кун муаммолари таҳлил қилинган. 

“ХХI аср”нинг бугунги сонидан ўрин олган аксарият мақолалар жиддийлиги ва қамровининг кенглиги билан эътиборни тортади. “Етти йўлнинг юз бўлаги” рукнида берилган “Юз мақсадни юзага чиқариш масъулияти” саҳифасида сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифалар хусусида сўз юритилади. “Зойир Мирзаев ташаббуси билан...”, “Ичимлик суви ўғрилари нега жазоланмаяпти?”,  Ҳуқуқи ҳимояланмаган тоифа вакиллари ким?”, “Армонларнинг юки эзса, кулиб ўламан...” каби мақолаларда эзгулик, оғриқ, ҳимоясизлик, инсоний орзу-армонлар, бугунги куннинг муаммо ва дардларини кўрасиз. “Адолат” бугун ўз ўқувчисини мушоҳада, мулоҳазага чорлайди...

“Vatanparvar” том маънода  Ватанга муҳаббат туйғусини тарғиб қилувчи газета. “Ер-у осмонингга посбонмиз, юртим!” саҳифаси фикримизга далил. “Алпомишнинг баҳодир шогирди”, “Қадрдон сўз – қадрлигим сўз” каби мақолаларни мароқ билан ўқийсиз. “Бедор ўтказилган кеча” саҳифасида навоийшунос олим Сайфиддин Рафиддиновнинг ҳарбий хизмат даври, Ватан ҳимоячилари билан боғлиқ мулоҳазалари билан танишасиз. “Ўзбек сериаллари: халқона урмаётган юраклар” мақоласини мутолаа қиларкансиз, сериаллар ва уларда миллий менталитетга хос бўлмаган баҳсли масалаларга гувоҳ бўласиз. “Ватанпарвар”нинг бугунги сонидан ўрин олган бошқа мақола, хабар ва репортажлар ҳам  ранг-баранглиги ва қизиқарлилиги билан диққатга сазовор.

Бугунги газеталарни ўқинг, янги кун ҳавосидан нафас олинг...

                                                                                       А.Нарзуллоев, ЎзА