Журналист ва мухбирларнинг ҳаётнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиши, ана шу ташвишлар ичида яшаши ва одамларни зарур ахборот, хабарлардан огоҳ этиб бориши замон талаби. Кўпчилик қизиқиб ўқиётган, мулоҳаза юритаётган ҳар бир ахборот, хабар, мақоланинг ортида қалам аҳлининг камтарона меҳнати ётади.
“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сониданўрин олган “Президент мактаблари... ундаги муҳит, методика бошқа мактабларга ҳам олиб кирилади” мақоласи кўпчилик ота-оналар, ўқитувчилар эътиборида бўлади. “Кун мавзуси” рукнида берилган “Вакцинанинг бустер дозаси коронавируснинг “омикрон” штаммидан ишончли ҳимоя” мақоласи ҳам мазмун-моҳияти билан долзарб. “Юксалиш суръатларининг ишончли траекторияси”, “Маънавий янгиланиш” каби саҳифаларда таҳлил ва таққос, инсон қадри билан боғлиқ туйғулар нақадар муҳимлигини яна бир бор ҳис этасиз. “Фудширинг – озиқ-овқат маҳсулотлари исроф қилинишининг олдини олишда замонавий ёндашув”, “Қиш чилласида ёз неъматлари” каби мақолалар ҳам кўтарилган масаланинг муҳим, долзарблиги билан эътиборни тортади.
“Халқ сўзи” газетасида эътиборни тортадиган мақолалар анчагина. “Огоҳлик” рукнида берилган “Сўнгги пушаймон ўзингга душман” мақоласи юртдошларимизни ўз соғликларига бефарқ бўлмасликка чорлайди. “Маънавий-маърифий уйғониш, инсон қадрини улуғлаш – Янги Ўзбекистони қуришнинг энг асосий омили”, “Одамлар турмушида қандай ўзгаришлар юз бераяпти?”, “Коммунал соҳадаги асоссиз қарздорликлар қачон барҳам топади?” номли мақолалар ҳам зўр қизиқиш билан ўқилади. Уларда бугунги кун дарди, руҳини ҳис эитб турасиз...
“Hurriyat” одатдагидек самимий, кўнгилга яқинлиги билан ажралиб туради. “Шахс, жамият, ахборот: оқилона чора излаб?..”, “Ўқишга вақт йўқми?”каби мақолалар эътиборни ўзига жалб қилади. “Ҳуррият”чилар жамиятнинг оғриқли нуқталари ҳақида гапиришга жазм этгани таҳсинга лойиқ. “Уддабурон йўловчи”, “Қўй ичагини экспорт қилса бўладими?”, “Эътиборсизлик ҳалокатга бошлаши мумкин” каби мақолаларда бугунги кун манзаралари, куйинчаклик, дард, оғриқ бор. Виктор Алимасовнинг “Яшаш ийзолари” эссесини ҳам шунчаки, беэътибор ўқиёлмайсиз. Шеърият саҳифасида шоир Холдор Вулқоннинг шеърларидан баҳраманд бўласиз...
“Oʻzbekiston ovozi”нинг бу сони ўқувчи эътиборини тортадиган мақолаларга бойлигини таъкидлаш керак. “Халқ бизни ўзгартиради” мақоласи эътиборни тортади.“Буюк истак”, “Ким ҳақ?”, “Универсал ижодкор” каби мақолаларни завқ билан мутолаа қиласиз. “Вакцина олинг, қутуласиз!” рукнида берилган “OMIKRONдан нажотми?..” мақоласи ҳар биримизни ақл билан иш тутишга даъват этади.
“Milliy tiklanish”да эълон қилинган “Парламент халқ уйига айлана оладими?” мақоласи албатта газетхон эътиборини ўзига тортади. Шунингдек, газетадан “Мансабдорлар масъулиятли, депутатлар шижоатли бўлиб қолгани йўқ!”, “Ғирромлик ёки маданий пултопарлик “ўйин”ларидан Бош вазир ўринбосарининг хабари бормикан?”, “Жабрдийдалар додини эшитиш ва... қонунчиликни ўзгартириш керак” каби мақолаларда ҳам бугунги кун дарди, муаммолари бўртиб турганини кўрасиз.
“Yoshlar ovozi”, “Молодежь Узбекистана” газеталари миллионлабўзбекистонлик ёшларнинг нашри.Газетани мутолаа қила туриб, ижодий жамоа бу вазифани қандай адо этаётганини кўргандек бўласиз. “Мени севсанг агар,чиққин челак кўтариб” мақоласида муҳаббат ҳақида эмас, ижтимоий муаммолар хусусида сўз юритилади. “Қачон эмланасан, эй сен, оломон?!”, “Ёшларга 290 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди” мақолаларида ёшларга мурожаат, уларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида сўз юритилади.
Бугунги газеталар муҳим хабар, ахборот, таҳлилий мақолаларга бой, ўқишни унутманг...
А.Нарзуллоев, ЎзА