Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда...
16:07 / 2022-01-08

Оммавий ахборот воситалари ўзида ҳаётни акс эттирмоқда, муҳим воқеа, янгиликлар билан жамиятни огоҳ этиб бораётир. Бу давр талаби саналади.

Кундалик газеталарни қўлга олар эканмиз, бунга гувоҳ бўламиз.

“Янги Ўзбекистон” газетаси саҳифаларида эълон қилинган мақолалар бир қарашдаёқ эътиборни тортади. Хўш, нимаси билан? Аввало, муҳимлиги, инсон қадри юксалаётгани, халқ ва давлат тизимларининг бир-бирига камарбасталиги, адолат ва қонун устуворлигини кенг ёритаётгани билан... Президент Шавкат Мирзиёевнинг Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишиши билан боғлиқ саҳифа, “2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”, Прокуратура органлари ходимлари кунига бағишланган “Халқ сари юз тутган камарбаста тузилма”, “Марказий Осиё: барқарор ва улкан имкониятларга эга ҳамкорлик макони”, “Адолат ва қонун устуворлиги – ривожланишнинг энг муҳим ва зарур шарти” каби саҳифалар газетхон эътиборидан четда қолмайди. Давр нафаси рукнида берилган “Учкўприк тажрибаси...” мақоласида эса чекка туманларда қандай ўзгаришлар бўлаётгани ҳақида сўз боради. Ватан ҳимоячилари, бахшичилик санъатига бағишланган мақолалар ҳам қизиқиш билан ўқилади.

“Халқ сўзи” газетаси саҳифаларидан ҳам кунинг муҳим воқеаларига бағишланган бир қатор хабар, мақолалар ўрин олган. “Ўзбекистон – Германия: парламентлараро алоқалар янада ривожланади”, “Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари вилоятларда”, “Қонундаги айрим меъёрлар очиб берилмаган”, “Фаол маҳалла” қандай бўлади?”, “Дастур нега тайёрланади?” каби мақолаларда бугунги кун нафасини ҳис этиб турасиз.

“Маҳалла” газетаси мазмун-моҳияти, мақсади билан аллақачон маҳаллаларга, хонадонларгача кириб борган нашр. “Ўзбекистонда фуқаролар томонидан маҳалла раисига ишончсизлик билдириш институти ташкил этилади... Фуқаролар ишончсизлик билдирса, буни асослаб бера олиши керак. Шунчаки, ишончсизлик ортидан маҳалла раислари ишдан бўшатилаверса, уларни ким ҳимоя қилади?.. Нима қилмоқ керак?...» Хайрулло Абдураҳмоновнинг мақоласида ана шу саволларга жавоб оласиз. “Прописка” бўйича янги қоидалар тасдиқланди” саҳифаси орқали ҳам ўқувчи кўплаб саволларга жавоб олиши мумкин. “Хизмат кўрсатиш соҳасидан қачон унумли фойдаланамиз?”, “Мутасаддилар масъулиятли бўлганда эди...”, “Амирсой” амирлар учунми?” каби мақолаларда бугунги куннинг дарди, муаммоларини кўрасиз...

“Ishonch” газетасида эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишишига бағишланган “Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар!” саҳифаси эътиборни тортади. Газета саҳифаларидан ўрин олган “Зарар чўнтакдан қопланади(ми?), “Ёшлар етакчиларини ишдан бўшатишмоқчи”, “Турар жойингиз бузилади..”, “Ўқимайдиган ўқувчи. Ким айбдор, мактабми ёки ота-она?” саҳифалари орқали жамиятнинг оғриқли нуқталари билан танишасиз...

Бугунги газеталарни мутолаа қилинг, афсусланмайсиз...

А.Нарзуллоев, ЎзА