Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда…
13:17 / 2021-11-16

Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар кутилмаган, кескин тус олаётган бир палла аҳолининг оммавий ахборот воситалари, холис ахборот олишга бўлган эҳтиёжи янада ортмоқда. Ахборот  макони кенг, аммо кундалик газеталар ўрнини босадиган, ишончли манбаларга суяниб хабар узатадиган  воситалар кам. Шу боис, кундалик газеталар энг яқин ҳамроҳимиз...

“Янги Ўзбекистон” газетасини ўқиб туриб, юқорида билдирилган фикрлар қанчалар ростлигига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Фалсафа фанлари доктори, профессор Қиём Назаровнинг “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари – Янги давр стратегияси” номли мақоласи, айниқса, эътиборни тортади. Олим ушбу мақолада янги давр стратегиясини кенг таҳлил қилиб берган. Акбаршоҳ Тешабоевнинг “Умумий тил ва муштарак маънавий қадриятлар бирлиги асосида шаклланган дўстлик” мақоласи ҳам долзарб ва муҳим – Ўзбекистон ва қардош туркий тилли давлатлар ўртасидаги Дўстлик ҳақидаким, ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Адабиётшунос Абдулла Улуғовнинг Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Эл баҳра олади” номли адабий мақоласи ва шоир Шодмонқул Саломнинг “Тавалло” номли қатрасини ҳам ўқувчи зўр қизиқиш билан ўқийди.

“Халқ сўзи” газетасидан ўрин олган “Дастурлар ижросини маҳаллаларда амалга ошириш вазифа қилиб қўйилди”, “Транспорт иншоотлари лойиҳаси кўриб чиқилди” номли шарҳлар ўқувчи эътиборида бўлади. Газетада дунё, минтақа ва Ўзбекистонда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга ҳам кенг ўрин берган. “Ўзбекистон ташаббуслари туркий тилли давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни яна амалий мазмун билан бойитди”, “Турк дунёсида Ўзбекистон ҳаётий таклиф ва эзгу ғояларга бош бўлмоқда” мақолалари шулар жумласидандир. Шунингдек, газетадан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуни ҳам ўрин олган.

“Ishonch” газетасида кун ҳикмати сифатида берилган Абу Али инб Синонинг “Ақл тарозусида тортиб кўрилмаган ҳар қандай билим асоссиздир” сўзлари эътиборингизни газета саҳифаларига “михлаб” қўяди. Унга ҳамоҳанг бўлган “Кун нафаси” саҳифаси сизни янгиликлар оламига ошно этади. “Ўзимиз ибрат бўлишимиз керак”, “Ҳар бир мурожаат ортида – инсон тақдири” каби мақолаларни ўқиб, касаба уюшмаларининг бугунги аҳволидан воқиф бўласиз. Журналист Суюндик Мустафо Нуротоийнинг “Бефарқлик белни синдирмасин!” деб номланувчи мулоҳазалари, “Ishonch” мухбири Дилмурод Қирғизбоевнинг Давлат монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарлари диққатига йўналтирилган “Файзиобод”га файз кириб, “Яшнобод” яшнайдими? Ёхуд реклама фаолияти қачон тартибга солинади?” мақоласида “Ҳақиқат қайда?” деган саволга жавоб изланади. Газетанинг охирги саҳифасидан ўрин олган “Яна... дарсликлар муаммоси”, “Официантни ким ҳимоя қилади?” мақолалари ҳаётимизда учраб турган муаммолар хусусидаким, ўқувчи беэътибор бўлмайди.

“Инсон ва Қонун” газетаси  биринчи саҳифасида 18 ноябрь – “Ўзбекистон республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган кунга бағишланган “Юрт байроғи – миллат ғурури!” мақоласини эълон қилган. Газетадан ўрин олган аксарият мақолалар бугунги куннинг муҳим жараёнларига қаратилган. Хусусан, “Туркий дунё: муштарак қадриятлар абадийлиги” мақоласи эътиборни тортади. “Норозилик мурожаатлари кўпроқ қайси соҳага тўғри келмоқда?”, “Табиатга муносабатимиз шуми?”, “Бахтсизликдан ҳимоя қилинадиган ордер борми?” каби мақолаларнинг номиёқ ўқувчини ўзига қизиқтириб қўяди. Тўрт йилдан сўнг оқланган терговчи ҳақидаги мақола ҳам қизиқиш билан ўқилади.

Бугунги газеталарни ўқинг, янгиликлардан бохабар бўлинг...

                                                                                          

А.Нарзуллоев, ЎзА