Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
14:43 / 2021-10-20

Журналистлар, қалам аҳли дақиқа, соат сайин ўзгараётган дунё, ҳаётнинг энг қайноқ нуқталарида бўлиши, ана шу ташвишлар ичида яшаши ва одамларни зарур ахборот ва хабарлардан огоҳ этиши замон ва бугунги кун талаби. Сиз ва биз қизиқиб ўқиётган, таҳлил қилаётган ҳар бир ахборот, хабар, мақоланинг ортида қалам аҳлининг заҳматга йўғрилган меҳнати ётади. Ҳар гал газеталарни қўлга олар эканмиз, бу фикрлар кўнгилдан ўта бошлайди...

«Янги Ўзбекистон» газетасидан «Тошкент илм-фан маркази ва йирик мегаполисга айланмоқда» номли шарҳ ўрин олган. Мазкур шарҳни ўқиб, пойтахтимизнинг кейинги йиллардаги қиёфасини кўз олдингизга келтиришингиз мумкин. «Давлат тилига эътибор, эҳтиром ва садоқат», «Ўтмиши улуғ, келажаги порлоқ диёр» номли мақолаларда берилган фикр-мулоҳазалар ҳам газетхонларни бефарқ қолдирмайди. «Халқимиз танлови миллий тараққиёт мезонини белгилайди», «Юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш асосий вазифамиз», «Инновацион ҳудуд лойиҳалари» каби мақолалар ҳам кўтарилган масаланинг муҳим, долзарблиги билан эътиборни тортади.

«Халқ сўзи» газетасида эътиборни тортадиган мақолалар анчагина. «Сайловда аёллар фаоллигини ошириш – давр талаби», «Мақсад – нарх-наво барқарорлигини таъминлаш» каби мақолалар шулар жумласидан. «Дарё ўзанини ўзгартиришга ким айбдор?» мақоласининг сарлавҳасиёқ ўқувчини ўзига тортади. Наҳотки, дарё йўлини тўса оладиган кучлар бўлса, деган ҳайрат билан мақолани ўқишга чоғланасиз. «Келажак олийгоҳлари қандай бўлиши керак» номли мақолани ҳам кўпчилик зўр қизиқиш билан ўқийди. Мақола ўзида бугунги кун дарди, руҳини акс эттиргани билан эътиборли...

“Hurriyat” одатдагидек самимий, кўнгилга яқинлиги билан ажралиб туради. Газета жамоаси эртага бўладиган Тил байрамига алоҳида эътибор қаратган. Гарчанд, эртага байрам бўлсада, «Ҳуррият»чилар жамиятнинг оғриқли нуқталари ҳақида ҳам гапиришга жазм этгани таҳсинга лойиқ. Таълим тизими раҳбарлари ўқимасин! – рукнида берилган «Ҳалокат остонасидаги миллат зиёхонаси... Уни асраш учн давлат миллий дастури қабул қилинса...» мақоласи ҳар қандай кишини ўйга толдиради. «Тренд»даги тест саволлари ёки коса тагидаги нимкоса» мақоласидаги киноя ҳам эътиборни ўзига жалб қилади. Шеърият саҳифасида шоир Зикрилла Неъматнинг шеърларидан баҳраманд бўласиз...

«Ўзбекистон овози»нинг бу сони ўқувчи эътиборини тортадиган мақолаларга бойлигини таъкидлаш керак. «Мен сайловга тайёрман, сизчи?» мақоласи кишини бефарқ бўлмасликка, сайловга иштирок этишга чорлайди. Газета асосан сайлов жараёнларига бағишланган десак ҳам бўлаверади. Шунингдек, ўқувчи учун қизиқ бўлган «Грипга қарши вакцина олдингизми?», «Ўзсувтаъминот» тизимида коррупцияга қарши курашнинг айрим натижалари», «Яхши ҳордиқ – унумли меҳнат гарови» каби мақолалар ҳам эътибордан четда қолмайди. Меҳр-оқибат ҳақида сўз кетувчи «Одамлар, авайланг бир-бирингизни...» мақоласи, таниқли санъаткор Анвар Ғаниев билан Гулруҳ Одашбоева уюштирган суҳбатни ҳам мазза қилиб ўқийсиз.

«Маърифат»нинг бугунги сони ранг-баранг. Айниқса, «Луғатлар, луғатлар ва яна луғатлар керак ёки ўзбек тилидаги илмий терминлар муаммоси» мақоласи эътиборли. Газетанинг "Ўзбекнома" саҳифаси тилимиз, унинг тараққиёти, унинг бу йўлдаги ютуқ ва камчиликлар ҳақидаким, кишини мулоҳаза, мушоҳада юритишга чорлайди. Шунингдек, газета саҳифаларидан ўрин олган яна бир қатор мақолалар ҳам бор-ки, буларда мактаб, таълим тизимидаги масалаларга эътибор қаратилгани кишини қувонтиради. Бир сўз билан айтганда, «Маърифат» таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг бугуни ва эртаси ҳақида эътибор қаратишда фаоллик кўрсатмоқда.

"Milliy tiklanish" "Фаровон ҳаёт учун овоз берайлик!» шиори остида ажойиб мақола берган. Газета жамоаси сайлов билан бир қаторда она тилимиз билан боғлиқ масалаларга ҳам катта эътибор қаратган. Хусусан, газетанинг 4-5-саҳифалари ўқувчида яхши таассурот қолдиради. Назокат Усмонованинг атоқли адиб Тоҳир Маликка бағишланган саҳифаси ҳамда Муҳаммад Юсуфнинг "Она тилим", "Ватаним" каби шеърларни ҳам ўқувчи мазза қилиб ўқийди.

Бугунги газеталар муҳим хабар, ахборот, таҳлилий мақолаларга бой, ўқишни унутманг...

 

А.Нарзуллоев, ЎзА