Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар кутилмаган, кескин тус олаётган бир палла аҳолининг оммавий ахборот воситалари, холис ахборот олишга бўлган эҳтиёжи янада ортади.
Ахборот макони кенг, аммо кундалик газеталар ўрнини босадиган, ишончли манбаларга суяниб хабар узатадиган воситалар кам. Шу боис, кундалик газеталар энг яқин ҳамроҳимиз...
“Янги Ўзбекистон” газетасини ўқиб туриб, юқорида билдирилган фикрлар қанчалар ростлигига яна бир бор иқрор бўласиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг КХШТ саммитида иштироки, Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг минтақадаги вазиятни муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилган. Таъкидлаш жоизки, саммитда ҳам, ўзаро учрашда ҳам минтақадаги кўп қирралик ҳамкорлик муносабатлари ва қўшни Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган. Энг азиз байрамимизнинг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони, “Янги Ўзбекистон” китобининг тақдимоти, Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, ҳамма-ҳаммаси газетхон кўнглига байрамона руҳ бахш этади. “Ифтихор” рукнида берилган ЎзФА Тарих институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиёнинг “Ҳақ олинмоқда, ҳақиқат тикланмоқда – миллат юксалмоқда” номли мақоласида кеча ва бугунги кун холис, беғараз таҳлил қилингани ўқувчига катта қизиқиш уйғотади. Давлат статистика қўмитаси раиси Баҳодир Бегаловнинг “Расмий статистика – ислоҳотлар инъикоси”, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Исмоил Саифназаровнинг “Янги Ўзбекистон учинчи ренессанснинг марказига айланади” мақолалари сўнги йиллар жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар таҳлилига бағишланади. “Адашиб қолган қизғалдоқлар ёхуд ёруғликка чиққан Зебонинг қувончлари”, “Фитратнинг қўлигул шогирди ёхуд Абдулла Танбурийнинг “ўзбек рубоби” мақолалари ҳам руҳиятга таъсир этадиган яхши мақолалар бўлган.
“Халқ сўзи” газетаси бугун дунё, минтақа ва Ўзбекистонда юз бераётган сиёсий жараёнларга кенг ўрин берган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилнинг 23 август куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишлаб видеоанжуман шаклида ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида меҳмон сифатида иштирок этгани, Тожикистон раҳбари Э.Раҳмон билан ўзаро телефон орқали мулоқоти тафсилоти кенг ёритилган. Бундан ташқари газетада “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳам ўрин олган. Шунингдек, Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик байрами арафасида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан “Янги Ўзбекистон” китоб – альбоми нашрдан чиққанлиги ҳақидаги “Янги Ўзбекистон тараққиётининг ёрқин саҳифалари” мақоласи ҳам газетхон эътиборини ўзига тортади. Бугун “Халқ сўзи”дан ўрин олган олган аксарият мақола, хабар – ахборотларда тезкор замоннинг руҳи акс этиб туради ва энг улуғ, энг азиз байрамимиз тобора яқинлашиб келаётганини дил-дилдан ҳис этиб турасиз...
Бугунги газеталарни ўқинг, янгиликлардан бохабар бўлинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА