Бугун нашрдан чиққан газеталарда юртимиз ва дунёда юз бераётган ўзгаришлар шарҳига кенг эътибор қаратилгани, ОАВ ходимларининг фаол ва тезкорлиги алоҳида кўзга ташланиб туради.
“Янги Ўзбекистон” газетасида ”Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” рукни остида берилган “Истеъмолчиларни нефть ва газ ресурслари билан барқарор таъминлаш вазифаси қўйилди”, “Тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати Президент эътиборида” каби мақола – шарҳлар бугунги куннинг долзарб муаммолари тафсилоти ва ечимига қаратилгани билан ўқувчи эътиборини ўзига тортади. Газета саҳифаларидан ўрин олган О.Зотовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан “Ўзаро ҳамкорлик Марказий Осиёда аёллар ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтиради” номли суҳбати ва “Ўзбекистон Президенти сайлови округлари тузилди” каби мақолада шу йилнинг 5-6 август кунлари Туркманистонда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви доирасида бўлиб ўтган аёллар масалалари ва юртимизда тобора қизғин паллага кираётган Президентлик сайлови ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, газетада Токио олимпиадасидан ғалаба билан қайтган спортчиларни тантанали кутиб олиш жараёнларидаги лавҳаларга ҳам кенг эътибор қаратилган. “Сирдарё намунаси – сифат намунаси” саҳифаси орқали Сирдарёда қўлга киритилаётган ютуқлардан воқиф бўласиз. Газетанинг сўнгги саҳифасидан ўрин олган адабиётшунос Баҳодир Каримнинг “Ҳазрат Алишер Навоийга эҳтиром ёхуд Инсоният қуёши таърифида битилган роман тўғрисида бир-икки оғиз сўз” мақоласи ёзувчи Исажон Султон ва унинг яқинда нашрдан чиққан “Алишер Навоий” романи таҳлилига бағишланади...
“Халқ сўзи” газетасининг биринчи саҳифасидан ўрин олган “Ватанни шарафлаш саодати” мақоласи ўқувчини яна бир бор тўлқинлантириб юборади. Саҳифа бугун тунда Ватанимизга қайтган қаҳрамонларимиз – Токио олимпиадаси ғолиблари, уларни кутиб олиш, тақдирлаш жараёнларига бағишланади. Газетадан ўрин олган “Маҳаллий кенгашлар нима билан шуғулланади?”, “Бош мақсад – одамларни рози қилишдир” каби мақолалар бугун ечимини топиши зарур бўлган масалаларга эътибор қаратгани билан газетхонни ўзига жалб қилади. Шунингдек, газетанинг бугунги сонидан Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт тўғрисида”ги қонуни ҳам ўрин олган.
“Ишонч” газетасининг биринчи саҳифаси тўлиқ халқимиз ишончини оқлаб, Токиодан ёруғ юз билан Ўзбекистонга қайтган Олимпиячиларимиз ютуқларига бағишланади. Ундан жой олган Нормурод Мусомовнинг “Ватан учун 9 дақиқа”... чемпионга мактуби ва таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқнинг “Буюк халқ ифтихори” Олимпиада ғолиблари ва барча ватанпарвар ўғил-қизларга бағишлови кечаги кун халқимиз руҳиятини тўлиқ ўзида акс эттириб туради.”Устуворлик нималарда акс этмоқда?”, “Ҳаётга қувонч киритган ташаббус”, “Қонун ижроси нега таъминланмаяпти?”, “Туризм қишлоғи. Улар сайёҳларга кўнгилдагидек хизмат кўрсата олдими?” каби мақолалар ҳам ўқувчи эътиборини ўзига жалб қила олади. Газетанинг охирги саҳифасидан ўрин олган Муҳтарама Улуғованинг “Олтин қалам” кимники?” таклифи, “Бизнинг архивимиз қачон бошланган?”, “Марям дарахтини биласизми?” каби мақолалар газетхонларни қизиқтириши, мушоҳадага чорлаши турган гап.
“Инсон ва қонун” газетасининг бу галги сони ҳам ранг-баранг мақолаларга бой. Газета мухбирлари Мадина Ҳамдамова ва Маруса Ҳосиловаларнинг “Табиат биздан ўч олмоқда...ми?” ва “Самосуд”: бизга нима бўлди, одамлар?!” мақолалари бугунги кунимизнинг хавотири ва оғриқли нуқталари ҳақида сўз юритадики, газетхонни асло бефарқ қолдирмайди. Газетадан ўрин олган “Наширбой ота” манфаати судда устун келди”, “Тадбиркор солиқ идорасидан норозилигини билдирди”, “Пенсия жамғармаси пенсия тайинлашда нимани инобатга олади?”, “Профилактик эмлашдан ўтишни рад этган ходимни иш бервучи ишга қўймасликка ҳақли”, “Кредит маблағлари нега ўз вақтида қайтарилмаяпти?” каби мақолалар ҳам ўқувчида пайдо бўлиши мумкин бўлган айрим саволларга жавоб бўла олиши билан эътиборлидир...
Бугунги газеталарни ўқинг. Бугунги кун ҳавосидан нафас олинг...
Алишер Нарзуллоев, ЎзА