Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: Газеталарни варақлаганда…
12:37 / 2021-08-03

Бугун нашрдан чиққан газеталарнинг ўз саҳифаларида юртимизда юз бераётган ўзгаришларга кенг эътибор қаратаётгани, кундалик янгиликларни бор тафсилотлари билан ёритишга интилаётгани ўқувчи диққатини ўзига тортади.

“Янги Ўзбекистон” ислоҳотларни ёритишда анча фаол. Газетада Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш чораларига бағишланган “Иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш” лойиҳаси тақдимотига кенг ўрин берилган.

“Тошкент аҳолиси сони жиҳатидан ҳам, иссиқлик тармоқларининг кўлами бўйича ҳам мамлакатимизнинг энг катта шаҳридир. Бу ерда 9 минг 165 та кўп қаватли уй, 3 минг 475 та ижтимоий объект марказлашган иссиқлик таъминотига уланган. Лекин магистрал ва тарқатиш тармоқларининг 72 фоизи, марказий қозонхоналарнинг ҳаммаси, маҳаллий қозонхоналарнинг 90 фоизи эскирган...”. Ушбу лойиҳа тизимни тўлиқ модернизация қилиш ва ҳатто фойда кўриш имконини яратиши ҳақида мақолада батафсил ёзилган. “Бугуннинг гапи: Ижодкор зиёли – янги Ўзбекистоннинг маънавий-маданий дунёсини яратувчи” мақоласида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоевнинг маънавият ва учинчи ренессанс билан боғлиқ ўзига хом муҳим қарашлари ўз аксини топган. “Кун сайин янгиланаётган ва юксалаётган Наманган” саҳифасида Наманган аҳли истиқлолнинг 30 йиллигини ёруғ юз, салмоқли натижалар билан қарши олишаётганига эътибор қаратилган. Шунингдек, газета саҳифаларидан ўрин олган “АҚШ дипломатлари: Ўзбекистонда бугун мутлақо янги воқелик, одамларнинг порлоқ келажак ҳақидаги орзу-умидларини ҳаётга табиқ этиш бўйича янги қатъият кузатилмоқда”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати ривожланишнинг янги босқичида” каби мақолалар ҳам газетхон эътиборини ўзига жалб қилади.

“Халқ сўзи” газетаси ҳам ҳаётимизда бўлаётган янгиланиш, ўзгаришларга кенг эътибор қаратган. “Учинчи ренессанс халқимизнинг тафаккурини юксалтиришдан бошланади”, “Адабиёт, санъат ва маданиятга эътибор, аввало, келажакка эътибордир” мақолалари шулар жумласидандир. “Ҳамжиҳатлик – тараққиёт йўлимизнинг мангу маёғи” саҳифаси мазмун-моҳиятини Президент Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон – улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир” сўзлари очиб берган.

“Ишонч” саҳифаларининг ранг-баранглиги ва мазмундорлиги билан газетхонни ўзига тортади. “Фаолларга бепул йўлланма” мақоласи бугун ҳеч бир иш, саъй-ҳаракат назардан четда қолиб кетмаслигини, аксинча муносиб баҳосини олишини яна бир бор тасдиқлайди. “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Президент ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Қишлоқдаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига муносиб ҳисса қўшган, ёшлар тарбиясига кўп ва хўб меҳнати сингган 13 нафар урганжилик фахрий ва фаоллар “Косонсой” санаторийсига бепул соғломлаштириладиган бўлди” дейилади мақолада... “Аҳиллик ва прагматизмга асосланган ташқи сиёсат Марказий Осиёнинг фаровон келажагини белгилаб беради”, “Аёллар дафтари”ни варақлаганда: фаровонлик калити қаерда?” каби мақолалар бугунги кунимизнинг муҳим масалаларига бағишлангани билан ўқувчи эътиборини тортади. Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Янги Тупроққалъа: бир йилда нималар ўзгарди?” мақоласи ҳам “Ишонч” мухлислари кўнглидан чуқур жой олиши шубҳасиз...

“Инсон ва қонун” газетасининг бу галги сони ҳам газетхонни қизиқтирадиган ранг-баранг мақолаларга бой. “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Муқаддас қон ҳурмати”, “10 йиллик сансоларлик якун топди”,”Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда жойларда муаммолар мавжудми?”, Умед бобони 16 йил сарсон қилган ҳоким қарори бекор қилинди”, “Имкон йўқми ёки хоҳиш?..” каби мақолалар газетхонни ўзига чорлайди. “Бугун раҳбар деган инсон авваламбор таълим-тарбияга эътибор бериши керак!”, “Муаллифлик ҳуқуқини бузган шахс жавобгарликка тортилди”, “Васиятномадаги меросдан воз кечишим мумкинми?” каби мақолалар ҳам ўқувчига бугунги кунимиз билан боғлиқ айрим мунозарали масалалар хусусида тегишли маълумотлар беради...

Бугунги газеталарни мутолаа қилинг. Унда ўтаётган кунимизнинг овозини, ислоҳотлар нафасини ҳис этасиз.

А.Нарзуллоев, ЎзА