Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: Газеталарни саҳифалаганда…
14:14 / 2021-08-06

Коронавируснинг тўртинчи тўлқини дунёга хавф солиб турган бир пайтда янгича шароитда яшаш, меҳнат қилиш, келажакка қараб интилиш одамзот олдида турган муҳим вазифалардан бирига айланди.

Кундалик газеталар билан танишиб борар эканмиз, бу жиҳат кўзга яққол ташланиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

“Янги Ўзбекистон” газетаси сиёсий ва муҳим ҳужжатлар изоҳига кенг ўрин берган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Туркманистонга сафари, Давлат раҳбарининг “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”, “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари газета саҳифаларидан ўрин олган. Газетадан ўрин олган Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази директори, профессор Ҳ.Оқиловнинг “Вакцинация – ягона чора!” номли мақоласи ўқувчилар учун жуда қизиқ ва газетхонларга яхши таассурот қолдира олади, деб умид қиламиз. “ Сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи – дахлсиз”, Миллий ахборот маконини ҳимоя қилиш – барчамизнинг бурчимиз” мақолалари ва Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган “Санобар Раҳмонова: “Халқим олдидаги қарзимни ҳар он ҳис қиламан” саҳифалари бугунги кун суврати акс этган муҳим мақолалар сирасига киради.

“Халқ сўзи” газетаси одатдагидек, қизиқақарли, бугунги куннинг муҳим масалалари акс этган мақолаларга бой. “Сирдарё вилояти: Мўъжизага қиёсланаётган ислоҳотлар” саҳифаси Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан Сирдарёда юз бераётган ўзгаришларга бағишланади. “Минтақадаги стратегик шериклик ўзаро ишончга асосланмоқда”, “Ўзбекистон – Эрон: парламентлараро алоқалар истиқболлари”, “Гулнинг харидори ҳам, даромади ҳам кўп” мақолалари бугун юртимиз ва минтақада юз бераётган воқеалар таҳлилига бағишланади.

“Жамият” газетаси ранг-баранг мақолаларга бой. “Бурчга садоқат бўлмаса, қонунлар кор қилмайди” мақоласи коррупцияга, бу иллатнинг қачон, қандай барҳам топиши мумкинлиги таҳлилига бағишланади. Профессор Наим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон меъмори” китоби, ушбу китоб ҳақидаги мухтасар маълумот – муносабат ҳам газетхон учун қизиқ. Шунингдек, газетадан ўрин олган “Чегара билмас муаммонинг “чегараси” қаерда”, “Вируснинг “жаҳлини чиқарган” ўзимиз”, “Болалар оталарга бўйсунмай қўйдими?” каби мақолалар ҳам “Жамият” мухлисларини баҳсга чорлайди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси адабиёт оламида юз бераётган янгиликларга кенг ўрин берган. Атоқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллигига бағишланган “Ўткир Ҳошимов асарлари турк тилида чоп этилди” номли Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати хабари адиб мухлисларини хурсанд қилади. Газетанинг биринчи саҳифасидан ўрин олган “Агар қийшиқ бўлса пойдевор”, Фармон Тошевнинг “Мен билган Шуҳрат домла” мақолалари газетхонни бефарқ қолдирмайди. Рустам Эмин, Ақшагул Тулегеноваларнинг шеърлари, Холмўмин Ёдгоровнинг “Айрилиқнинг олтинчи куни” ҳикояси, Каримбой Қурамбоевнинг “Туркман шоирларининг ҳам устози”, Мансур Зоировнинг Рўзи Чориевнинг 90 йиллиги олдидан “Мангуликда яшаётган ранглар” мақолалари адабиёт ва санъат мухлислари эътиборини ўзига тортади.

“Адолат” газетасидаги “Партия муҳим сиёсий жараёнга қадам қўймоқда”, “Очиқ ва адолатли сайлов эшик қоқмоқда” каби мақолаларда халқимиз олдида турган Президентлик сайлови, унга “Адолат” партияси тутган йўл хусусида маълумотлар берилади. Газета саҳифаларидан ўрин олган “СЭСларда тиббий хизмат аҳволи қониқарлими?”, “Қаёққа қараб кетаяпсан, дунё?”, “Мақсад – қулайлик яратишми ёхуд қийинчилик туғдириш” мақолаларида бугуни кун муаммолари, жамиятнинг оғриқли нуқталари ҳақида сўз юритилади.

“Ватанпарвар” газетаси бир қараганда кишига қамрови чегараланган, йўналиши битта нуқтага қаратилган газетадек таассурот қолдирсада, газетани кузата туриб, унинг ранг-баранглигига, ватанпарварликка чорловчи ғояларга уйғун турли мавзуларга ҳам кенг ўрин берганига гувоҳ бўласиз. “Миллий армиядаги муҳит мени хурсанд қилади”, “Махсус-тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтмоқда”, “Тажриба ва маҳорат ўз сўзини айтганда”, “Мураккаб, оғир йиллар эди” мақолалари, газета мухбири Инобат Иброҳимованинг атоқли ёзувчи Нурали Қобул билан “Мен ҳаммани севаман...” суҳбати ўқувчиларни хушнуд этади. “XXXII ёзги олимпиада ўйинлари”, “Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси”, “Эзгу мақсад йўлида”, Анвар Обиджоннинг “Эркин Воҳидов мутойибалари” мақолалари ҳам ўқувчини ўзига жалб этади.

Кундалик газеталарни варақлаб, ўқиб туриб бир тўхтамга келаверамиз. матбуот, бу – жамият кўзгуси...

А.Нарзуллоев, ЎзА