Австралияда давом этаётган аёллар ўртасидаги Осиё кубогида бугун, 10 март куни “С” гуруҳида 3-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Ҳиндистон — Хитой Тайпейи ҳамда Япония — Вьетнам терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Мазкур баҳслар олдидан гуруҳдаги вазиятга назар ташласак. Айни пайтда Япония 6 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Хитой Тайпейи ва Вьетнам терма жамоалари эса 3 очкодан тўплаган ҳолда тўплар нисбатига кўра 2–3-ўринларни эгаллаб турибди. Ҳиндистон эса очкосиз сўнгги ўриндан жой олган.

Осиё кубогининг “А” ва “Б” гуруҳларида 3-тур учрашувлари якунлангач, дастлабки чорак финал иштирокчилари номи маълум бўлди. Жумладан, “А” гуруҳида Жанубий Корея ва Австралия 7 очкодан жамғариб, 1–2-ўринларни эгаллади. Филиппин 3 очко билан учинчи бўлди. Эрон эса очкосиз қолиб, мусобақадаги иштирокини якунлади.
“B” гуруҳида эса Ўзбекистон терма жамоаси 3 очко тўплади. Гуруҳда Хитой 9 очко билан биринчи, КХДР 6 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Бангладеш барча учрашувларда мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.

Турнир регламентига кўра, учинчи ўринни эгаллаган жамоалар рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси 3 очко билан Вьетнамдан кейин иккинчи ўринни банд этди. Филиппин терма жамоаси ҳам 3 очко тўплаган бўлса-да, тўплар фарқи эвазига вакилларимиз уларни ортда қолдириб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Маълумот учун, мусобақанинг чорак финал босқичида Ўзбекистон терма жамоаси 14 март куни “А” гуруҳи ғолиби Жанубий Кореяга қарши майдонга тушиши мумкин. Шунингдек, “С” гуруҳида Япония биринчи ўринни сақлаб қолса, жамоамиз 15 март куни айнан шу терма жамоага қарши баҳс олиб бориши эҳтимоли ҳам юқори.
Қайд этиш жоиз, чорак финал баҳслари катта аҳамиятга эга. Чунки Осиё кубогида кучли олти жамоа 2027 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади.
Агар Ўзбекистон терма жамоаси чорак финалда ғалаба қозонса, мундиал йўлланмасини нақд қилади. Мабодо мағлубиятга учраган тақдирда ҳам имконият сақланиб қолади. Бунда чорак финалда ютқазган жамоалар 19 март куни Голд-Кост шаҳрида бўлиб ўтадиган ўтиш ўйинларида иштирок этиб, қолган йўлланмалар учун курашни давом эттиради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА