Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун футбол: Азалий рақиблар тўқнашуви
09:42 / 2025-11-18

Хабарингиз бор, ФИФА кунлари муносабати билан Бирлашган Араб Амирликларида "Ал-Айн халқаро кубоги” ўтказилмоқда.

18 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақа финалида Эрон термасига қарши майдонга тушади. “Ҳазза бин Зайид” стадионида ўтказиладиган мазкур тўқнашув мамлакатимиз вақти билан соат 21:00 да старт олади.

Шу ўринда халқаро мусобақа ҳақида тўхталиб ўтсак. Мусобақада тўрт терма жамоа иштирок этди. Табиийки, ўйинлар ярим финал босқичидан бошланди. Ўзбекистон - Миср, Эрон - Кабо-Верде термалари финал йўлланмаси учун тўқнаш келди. Эрон рақиблари билан асосий вақтда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, якунда пенальтилар сериясида зафар қучди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса Миср билан баҳслашди. Учрашув бошлангунга қадар Миср термаси фаворитдек туюлаётган эди.

Бироқ ўйин бошланиши билан шиддатли ҳужумкор ўйин намойиш этган вакилларимиз рақибнинг энг номдор ўйинчиларига қарши муносиб рақобатлашди. Натижада, учрашувнинг 4-дақиқасида Остон Ўрунов ўзининг юқори техника ва тезкорлигини кўрсатиб, мисрлик ҳимоячилар тўсиғидан ёриб ўтди ва ҳисобни очди. 43-дақиқада эса Остон ўзининг иккинчи голини урди ва ўйин 2:0 ҳисобида якунланди.  

Шу тариқа Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоамиз финал босқичига чиқди ва Эрон билан ўйнайдиган бўлди.

Энди эса бу терма жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикасига эътибор қаратамиз. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Эрон термалари жами 17 та баҳсда рақобатлашган. Унда ҳамюртларимиз 2 та ўйинда зафар қучган бўлса, 4 та учрашувда дурангга имзо чеккан. Қолган барча ўйинларда эронлик футболчиларнинг қўли баланд келган. Бироқ, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Эрон термаси сўнгги 5 та ўйинда, аниқроғи, 2 йилдан бери футболчиларимизни мағлуб этишни уддалай олмаяпти. Сентябрь ойида пойтахтимизда ўтказилган "CAFA Nations Cup" турнири финалида футболчиларимиз азалий рақибларини 1:0 ҳисобида таслим этди.

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, Эронга қарши бўлажак ўйин Фабио Каннаваро учун ҳам яна бир синов ва келаси йилги Жаҳон чемпионати олдидан муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА