Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун экилган ниҳоллар улкан дарахт бўлади
18:11 / 2023-10-19

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида Фарғона вилоятида 40 турдаги 6 миллион 502 минг дона манзарали ва мевали дарахтлар, бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш белгиланган.

Халқимиз азалдан она табиатга меҳрли, бир парча бўш ер кўрдими, албатта бу жойни обод қилишга, ниҳол қадашга интилади. Яратиш, яшнатиш ишқида тиним билмайди. Бинобарин, юртимизда эзгу анъанага айланиб бораётган, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тобора қанот ёзаётган “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшиш ҳар бир юртдошимиз учун шарафдир.  

Айни кунларда вилоят бўйлаб кузги дарахт экиш ишлари авж паллага кирди. Хусусан, барча олий таълим ва профессионал таълим муассасаларида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида минглаб манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, уларнинг бехато униб-ўсиши таъминланмоқда. Фарғона тумани 2-сон касб-ҳунар мактабида ўтказилган кўргазмали тадбир айни шу мавзуга бағишланди. Вилоятдаги профессионал таълим муассасалари мутасаддилари қатнашган тадбирда лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш, кўчат ва ниҳолларни саралаш, ҳудудларни белгилаш ва кўчатлар парвариши бўйича кўрсатмалар берилди, фикр-мулоҳазалар тингланди.  

Вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Юнусов таълим муассасаси жамоаси билан биргаликда манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экишни бошлаб берди.  

– Кузги кўчат экиш тадбирларида вилоятдаги профессионал таълим муассасаларида 100 минг тупдан ортиқ манзарали, мевали дарахтлар, гул кўчатлари, қаламчалар экилиши белгилаб олинди, – дейди бошқарма бош мутахассиси Нодирбек Пўлатов. –Турли манзарали ва игна баргли кўчатларни схематик экиш ишлари фаол олиб борилмоқда. Галдаги вазифа эса ана шу кўчатларни парваришлаб вояга етказиш ва ўқувчиларда она табиатни севишга, меҳнат тарбиясига қизиқиш уйғотишдан иборат. Бу йилги мавсумда асосий эътибор экилаётган ниҳолларнинг бехато ўсиши, экилаётган жой ва тупроқ унумдорлиги, суғориш тизими каби жиҳатларга қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.  

– Халқимиз азалдан яхши ният билан кўчат эккан, келгуси авлодлар учун мерос қолдиришга ҳаракат қилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган бу лойиҳа замирида ана шундай миллий анъаналаримиз мужассам. Шу билан бирга, бу тадбир нафақат корхона-муассасаларни ободонлаштиришга, балки ёшларнинг табиатга бўлган муҳаббатини оширишга, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва эъзозлаш туйғуларини шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – дейди Фарғона тумани 2-сон касб-ҳунар мактаби ўқитувчиси Мафтунахон Ҳамробоева. – Жамоамиз аъзолари мамнуният билан лойиҳада қатнашмоқда. Биз эккан ниҳоллар кун келиб катта дарахт бўлишини тасаввур қилиб, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлмоқда. Лойиҳа доирасида “Мен эккан дарахт”, “Таълим масканимизни боққа айлантирамиз” каби акциялар ҳам ташкил этилмоқда.  

М.Сулаймонов,  

ЎзА