Aqua Consult минтақавий раҳбари Тааво Тенно:
– Форумда сўнгги йилларда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабат тез суратларда ривожланиб бораётгани, бунга икки давлат раҳбарларининг ишончи ва сиёсий иродаси сабаб экани таъкидланди.
Ишбилармон вакилларимиз фаоллиги туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда. Сўнгги беш йил ичида бу кўрсаткич икки баробарга ошгани эътирофга сазовор, албатта.
Ўзбекистонда сўнгги 25 йилдан буён фаолият юритиб келяпмиз. Мамлакатингизда 160 га яқин йирик компаниялар ташкил этдик, 250 мингга яқин иш ўрни яратдик. Ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз. Диёрингизда тўқимачилик саноати ривожланган, ушбу соҳага алоҳида эътибор берилади.
Бугун “Бухоро агро кластер” билан навбатдаги йирик лойиҳа устида шартнома имзолаймиз. Асосан, тўқимачилик соҳасида фаолият юритаётганимиз туфайли йигириш саноати хомашёси, пахта толасини аралаштириш жараёнида фаол ҳиссамизни қўшяпмиз, дейишимиз мумкин. Хомашёдан юқорига қараб ипга ўтамиз, кейин эса тўқув, бўяш ва тикиш келади, кўриб турибсизки, тайёр маҳсулот пайдо бўлади.
Бизнес-форум ҳақида гапирадиган бўлсам. Юзлаб тадбиркорларни бирлаштирган мазкур анжуман Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий барқарорликни таъминлаш, қатор шартномаларни имзолашга келишиб олиш учун майдон вазифасини бажарди. B2B ва G2B форматдаги мулоқот давомида ишбилармон доира вакиллари фикр алмашиш имконига эга бўлдилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи, энг аввало, икки халқ дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, компанияларимиз ҳамкорлиги янги босқичга чиқади. Ўзбекистонга нафақат тўқимачилик, балки бошқа соҳаларга ҳам инвестиция киритишга тайёрмиз.
Беҳруз Худойбердиев тайёрлади.
ЎзА