Велосипеддан фойдаланиш эркагу аёл учун бирдек фойдали. Айниқса, шифокорлар кўпроқ юрак хасталиги бор одамларга велосипед минишни тавсия қилади.
Яна энг яхши тарафи, велосипедда сайр қилиш инсонда ўпка ривожланишини фаоллаштириб, нафас олишни осонлаштирса, айримларда психологик ҳолатни яхшилашга ёрдам беради.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни» деб белгиланиши ҳам бежиз эмас.
Урганч шаҳрида мазкур сана муносабати билан Хоразм вилоят спорт бошқармаси ташаббуси билан спорт таълим муассасаларининг раҳбар ва ходимлари ҳамда спортчилар иштирокида велосипед паради ўтказилди.

—Бугунги тадбирда ёшлар билан бир қаторда ўрта ва кекса ёшли инсонларнинг ҳам фаоллик билан қатнашганини кўриб, очиғи роса қувондим, —дейди Хоразм вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодира Жуманиязова. —Юртимизда спортни ривожлантиришга бўлган чора-тадбирлар туфайли одамларнинг соғлом яшашга бўлган иштиёқи ортиб боряпти. Бу эса халқимизнинг кайфиятини яхшилайди, оилалар тинч-фаровон бўлишини таъминлайди.

Велопойга сўнггида манзилга биринчи бўлиб етиб келган спортчилар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА