Бугунги кунда саратон юрак-қон томир касалликларидан кейин ўлим сабаблари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар таъкидлаётганидек, ушбу касалликларнинг катта қисми олдини олиш мумкин бўлган хавф омиллари билан боғлиқ.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботларига кўра, дунёда ҳар тўрттадан битта саратон ҳолатининг олдини олиш имкони мавжуд. Бу эса профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
ЖССТ томонидан саратон ривожланишига олиб келувчи 30 га яқин олдини олиш мумкин бўлган хавф омили аниқланган. Улар орасида тамаки чекиш, алкоголь истеъмоли, камҳаракат турмуш тарзи, ҳаво ифлосланиши, айрим инфекциялар, ультрабинафша нурланиш каби омиллар асосий ўрин тутади. Яъни саратон ҳолатларининг 15 фоизи тамаки маҳсулотлари истеъмоли билан, 10 фоизи турли инфекциялар,3 фоизи эса алкоголь истеъмоли билан боғлиқ. Бошқача айтганда, жаҳон миқёсида олдини олиш мумкин бўлган хавфли ўсмаларнинг қарийб ярмини ўпка, ошқозон ва бачадон бўйни саратони ташкил этади.
ЖССТ маълумотларига кўра, олдини олиш мумкин бўлган саратон касалликлари эркаклар орасида аёлларга нисбатан 15 фоизга кўпроқ учрайди. Эркакларда бундай ҳолатларнинг 23 фоизи тамаки чекиш, 9 фоизи инфекциялар, 4 фоизи алкоголь истеъмоли оқибатида келиб чиқмоқда. Хотин-қизларда эса 11 фоиз ҳолат инфекциялар, 6 фоиз тамаки, 3 фоиз юқори тана вазни билан боғлиқ.
Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, саратонга қарши курашда эрта диагностика ва оммавий скрининг дастурлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Масалан, Европа мамлакатларида бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини барвақт аниқлаш бўйича миллий дастурлар амал қилади. Кўплаб давлатларда одам папиллома вируси (HPV) ва гепатит B га қарши эмлаш онкологик касалликларни камайтиришда самарали восита сифатида ўзини оқлаган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам онкологик хизматни ривожлантириш, профилактика ва эрта ташхисга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республика онкология марказлари моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, ҳудудларда ихтисослашган муассасалар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, хавф гуруҳидаги фуқароларни скринингдан ўтказиш, эмлаш қамровини кенгайтириш, биринчи бўғин тиббиёт муассасаларида онкологик ҳушёрликни кучайтириш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, саратон касаллиги бутун жамият олдида турган ижтимоий масаладир. Уни камайтириш, оғир оқибатларининг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз соғлигига бўлган масъулиятидан бошланади. "Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни" эса яна бир бор соғлом турмуш тарзини танлаш, профилактика чораларига амал қилиш орқали ҳаётни асраш мумкинлигини эслатади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА