Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун 2 нафар дзюдочимиз жаҳон чемпионатида ўз омадини синовдан ўтказади
09:50 / 2025-06-18

Бугун, 18 июнь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида 93 та мамлакатнинг 550 нафардан зиёд дзюдочилари иштирокида давом этаётган жаҳон чемпионатининг олтинчи кунги мусобақаларида эркаклар -100 килограммда, аёллар -78 кило оғирликда совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Эркаклар ўртасидаги -100 килограммда 42 нафар маҳоратли дзюдочилар 4 та саралаш гуруҳида баҳсларга киришса, аёллар ўртасидаги -78 килограмм оғирликдаги курашларда 33 нафар дзюдочи қизлар жаҳон чемпионлиги учун ўз омадларини синовдан ўтказишади.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Маржона Кўчимова “Б” гуруҳи саралашидаги илк беллашувда кубалик Лианет Кардонага рўбарў келади.

Кеча ўтган мусобақаларда қатнашган терма жамоамиз аъзоларидан  Хуршида Раззоқбердиева саралашнинг дастлабки тўқнашувида Хитой Тайпейи вакилини мағлуб этди. Иккинчи босқичда Европа чемпионати совриндори Мириам Буткерейтга имкониятни бой бериб қўйди. Худди шунингдек, эркаклар мусобақасида қатнашган Шаҳзодхўжа Шарипов дастлаб норвегиялик Корнелиус Эйтертсенкни енгди. Бироқ, иккинчи даврада "Париж-2024" Олимпия ўйинлари совриндори, япониялик Санширо Мураога ютқазиб қўйди.

Мазкур оғирликда иштирок этган яна бир дзюдочимиз Нурбек Муртозоев саралашнинг биринчи беллашувида маврикилик Реми Феуиллетни енгган бўлса, иккинчи давра баҳсида озарбайжонлик Гаджиевдан мағлуб бўлди.

Ортда қолган беш кунлик беллашувлар сарҳисобига кўра, дзюдо ватани вакиллари 6 та олтин медаль билан етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та 5-ўрин билан 93 та мамлакат орасида кучли 20 таликда бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, эртага жаҳон чемпионати яккалик мусобақаларининг сўнгги кунида маҳоратли дзюдочиларимиз Алишер Юсупов ва Ўткирбек Тўрабоев +100 килограммда, дзюдочи қизларимиздан Ирисхон Қурбонбоева -78 килограмм оғирликда татамига чиқади.

Т.Рўзиев,

ЎзА