Шу кунларда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Юқори мартабали меҳмон турли вазирлик, идораларда бўлиб, ҳукумат аъзолари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан кечган мулоқот чоғида сўнгги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон – Венгрия муносабати ривожланиши ижобий томонга ўзгариш суръатини сақлаб тургани эътироф этилди. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни, стратегик шериклик кўламини янада кенгайтириш, айниқса инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш учун салмоқли имконият бор.
Ҳозир Ўзбекистонда Венгрия капитали иштирокидаги 16 қўшма корхона фаолия юритмоқда. “Bonafarm”, “KITE”, “Meditop”, “Gedeon Richter”, “MOL Group” каби нуфузли компаниялар билан энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббий асбоб-ускуна ва пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари шакллантирилмоқда. Томонлар Венгрия ТИВ ҳузуридаги Саноат паркларини ривожлантириш миллий агентлиги билан биргаликда юртимизда Венгрия компаниялари учун алоҳида саноат зонаси яратиш чораларини кўришга келишиб олди.
Шунингдек, мулоқот чоғида икки мамлакат пойтахтлари ўртасида ҳафтасига тўрттагача ҳаво рейси ташкил этиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида Венгрия ОТП банкининг Ўзбекистон бозорига муваффақиятли кириб келгани юқори баҳоланди. Мазкур банк янги компанияларни жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш орқали республикамиздаги фаолиятини кенгайтиришга жиддий қизиқиш билдиряпти.
Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро содиқлик билдирилди. Қолаверса, жорий йил биринчи ярмида Будапешт шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия Ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишини ташкил қилиш ва бизнес-форум ўтказишга келишилди.
Г.Сатторова, ЎзА