Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Будапештда амалий аҳамиятга эга муҳим учрашувлар ва бизнес форум ўтказилди
11:25 / 2025-12-04

Ўзбекистон парламент делегацияси Венгриянинг етакчи фармацевтика компанияларидан бири – «Gedeon Richter» корхонасига ташриф буюриб, унинг ишлаб чиқариш жараёнлари, илмий-тадқиқот ишлари ва келгуси ривожланиш стратегияси билан яқиндан танишди.

Мазкур компания жаҳон бозорига 2,8 минг номдаги доривор воситаларини етказиб бериб, халқаро фармацевтика соҳасида муҳим ўрин эгаллайди. Мамлакатимизда компаниянинг йиллик маҳсулот савдо айланмаси 10 миллион АҚШ долларидан зиёддир.

Учрашув чоғида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Фармацевтика соҳасида қўшма ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери ва инновацион маҳсулотлар яратиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига ҳам эътибор қаратилди.

«Gedeon Richter» компаниясининг минтақавий директори Ороз Андраш Ўзбекистонда неврология йўналишида қўлланиладиган юқори самарали «Карипразин» препаратининг контракт асосида маҳаллий ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш борасида катта қизиқиш билдирди. Мазкур дори воситаси АҚШ бозорида компаниянинг сотилиш даражаси энг юқори бўлган маҳсулотларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, у лойиҳа бўйича техник ва тижорат тавсифларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан яқин кунларда учрашув ўтказишга тайёрлигини билдирди.

***

Ўзбекистон делегацияси 4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси Геллерт Ясзаи билан халқаро бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказди.

Унда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, инвестиция ҳамда технологик лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ахборот технологиялари, рақамли инфратузилма, хусусийлаштириш ва муқобил энергия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

4iG компанияси бошқарув кенгаши раиси IT тизимларини интеграция қилиш, рақамли инфратузилма, телекоммуникациялар, мудофаа ва космос лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди. 

Ўзбекистон бозори сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан барқарор ва истиқболли экани, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва ёш аҳоли бизнес ривожланиши учун катта салоҳият яратаётганини таъкидлади.

Қўшма инвестиция ва IT лойиҳалари, рақамли инфратузилма, Mobile.uz ва рақамли хизматлар платформаларини ривожлантириш, маълумотларни қайта ишлаш марказлари фаолияти ҳамда масофадан ерни зондлаш ва сунъий йўлдош кузатуви лойиҳалари муҳокама қилинди. 

Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни давом эттириш ва ахборот алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди.

***

Ўзбекистон делегацияси Венгрия тадбиркорлари ва компаниялари вакиллари билан амалий учрашув ўтказди. Унда  15 дан ортиқ компания ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодий либераллашув, саноат модернизацияси, хорижий инвестициялар учун қулай муҳит ва давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳақида маълумот берилди. Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция, таълим ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Венгрия тадбиркорлари Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирди. 4iG рақамли ечимлар ва телекоммуникация, H2O Konzorcium сув таъминоти ҳамда экологик технологиялар, Metrimed тиббиёт жиҳозлари ва соғлиқни сақлаш, FANTASTIGO истеъмол товарлари, Limelog ва Woodstock логистика ҳамда экспорт-импорт соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Венгриянинг HEPA агентлигининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича ваколатхонаси очилди. Мазкур агентлик Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, лойиҳа таклифлари тайёрлаш ва доимий мулоқот ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА