Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити ўзаро ҳамкорлик ва интеграциянинг янги босқичини белгилаб берди, дейиш мумкин. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, экологик барқарорлик, фан-таълим ва маданият соҳаларидаги илғор ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг стратегик ва амалий таклифлари туркий давлатлар бирлигини мустаҳкамлаш, ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини янада оширишга хизмат қилади.
Кун тартибидаги асосий мавзулардан бири – глобал ва минтақавий хавфсизлик борасида мамлакатимиз етакчиси Россия – Украина зиддиятини дипломатик йўл билан ҳал этиш, шунингдек Фаластин – Исроил низосига адолатли ечим топиш, Афғонистондаги мураккаб вазиятга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигига урғу берди. ТДТ давлатлари халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми қоидаларига асосланган ёндашувларни қўллаб-қувватлаши муҳимлиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, туркий давлатларнинг халқаро майдондаги умумий қарашини мустаҳкамлайди.
Президентимиз нутқидаги яна бир муҳим йўналиш – иқтисодий ҳамкорлик эди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган “Турк-Трейд” онлайн платформасини яратиш ташаббуси ТДТ маконида савдо жараёнини соддалаштиришга хизмат қилади. Ушбу платформа савдо ҳажмини ошириш учун янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиб, мавжуд иқтисодий имкониятларни тўлиқроқ ишга солишга ёрдам беради. 2023 йил Қирғизистонда ўтган форум ва Тошкент иқтисодий саммитида ҳам алоқаларни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланган эди. Мазкур лойиҳа айни йўналишда муҳим қадам ҳисобланади.
Ушбу платформа, хусусан, Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш, божхона тартибини соддалаштиришга кўмаклашадиган жараённинг муҳим қисмидир.
Саммитда Президентимиз саноат кооперациясини янги босқичга кўтариш масаласини ҳам кўтарди. Кимё, энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат ва қурилиш соҳаларида кўп қиррали ишлаб чиқариш қувватларини яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бу ташаббус Туркий давлатларда бирлашган иқтисодий қувват яратишга ёрдам беради. Айниқса, нефть, газ, углерод ва минерал ресурслар билан боғлиқ соҳалардаги ҳамкорлик мамлакатларимиз барқарор ривожланишини таъминлайди.
Анжуманда инвестициявий алоқаларни кенгайтиришга ҳам урғуберилди. Ўзбекистон раҳбари томонидан Туркий инвестиция жамғармасини фаоллаштириш ва қўшма венчур компаниялари ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Бу инвестициявий ҳамкорлик, туркий давлатларнинг сармоя жалб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконини беради. Шунингдек, “ягона дарча” ва “яшил йўлаклар” тизимлари орқали Транскаспий йўлаги орқали юк ташиш ҳажмини ошириш таклифи ҳам иштирокчилар эътиборини тортди. Бундай ташаббуслар божхона амалларини соддалаштириш, минтақавий савдони тезлаштиришга қаратилган.
Шавкат Мирзиёевнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлари ҳам муҳим аҳамият касб этди. Бу ташаббуслар қурғоқчиликнинг олдини олиш, глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда “яшил” тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлик борасида туркий давлатлар бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қурғоқчилик ва экологик муаммоларнинг олдини олиш бўйича “йўл харитаси” экологик барқарорликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Саммитда фан-таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш таклифи ҳам билдирилди. Масалан, Тошкентда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш туркий халқаро таълим имкониятини кенгайтириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга кўмаклашади. Бундай таълим маскани ёшларга замонавий билим бериб, уларни глобал ва минтақавий муаммоларга фаол ёндашишга рағбатлантиради.
Шунингдек, Туркий маданият ва мерос жамғармаси ва Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ орқали мавжуд ҳамкорликни кучайтириш, умумтуркий маданий меросни сақлашга қаратилган ташаббуслар маданиятларимиз интеграциясини таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда ТДТ Будапешт саммити аъзо давлатларнинг халқаро муносабатлардаги ўрнини мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, экологик, маданий ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, глобал тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Оқилиддин Алимов,
ТДШУ Шарқ мамлакатлари ривожланишини
тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази директори,
ЎзА