“Бу – жуда муҳим, оғир масала”. Шавкат Мирзиёев тиббиёт тизимини рақамлаштириш ҳақида
Тиббиёт соҳасидаги долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масалалар танқидий таҳлил қилинаётган бугунги видеоселектор йиғилишида Сирдарё вилояти мисолида соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини жорий қилишдан кутилаётган натижалар ҳақида сўз борди.
Йиғилишда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.Азизов мазкур масала бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Давлатимиз раҳбари бундан кейин ҳар бир тармоққа АКТнинг жорий этилишига қараб баҳо берилишини, жумладан, тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш соҳасидаги энг долзарб вазифалардан бўлишини, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва жойлардаги ҳокимлар бу масалага алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлади.
- Бу жуда муҳим, оғир масала. Ҳамма ишларимиз вақтинча, лекин бу тизим доимий бўлиши керак. Халқимизга шароит яратишимиз керак. Тиббиёт соҳасини рақамлаштирмай туриб замонавий тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида гапириш мумкин эмас, деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА