Бу заминдан яна термизийлар чиқади
Бугун мактабгача таълимдан то олий таълимнинг энг сўнгги босқичигача ислоҳ қилиняпти.
Бугун мактабгача таълимдан то олий таълимнинг энг сўнгги босқичигача ислоҳ қилиняпти. Ҳеч бир бўғин эътибордан четда қолаётгани йўқ.
Биргина олий таълим тизимидаги янгиланишлар соҳада узоқ йиллар тўпланиб қолган муаммолар ечимига йўл очди. Давлатимиз раҳбарининг бу жабҳа истиқболига доир бир қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Ўз навбатида, илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари оширилган миқдорларда тўланиши, давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ҳамда илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодлари ва фалсафа докторлари ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоизгача устама ҳақ белгиланиши мамлакатимизда олий таълим ва илмий фаолият сифатининг юксалишига хизмат қиляпти.
Ана шундай ислоҳотлар натижалари мамлакатимизнинг жанубий воҳаси — Сурхондарё вилоятида ҳам яққол бўй кўрсатмоқда. Президентимизнинг олий таълимга алоқадор дастлабки, яъни 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Термиз шаҳрида Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университети филиаллари, 2018 йили Сурхондарёга ташрифлари чоғида берган кўрсатмаларига биноан, ҳудудда Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилди. Бу, албатта, Сурхон аҳли ва ёшларига бўлган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик намунаси бўлиб, 2017 йилгача битта олий таълим муассасаси фаолият кўрсатган бўлса, 2018 йилга келиб улар сони 6 тага етди. Вилоятда қўшни Афғонистон фуқароларини ўқитиш маркази очилиб, уларга олий маълумот берилаётгани ҳам ўзига хос янги тажриба ва тинчлик ҳамда бирдамлик сари дадил қадам бўлди.
Вилоятда ҳуқуқий маданият ва таълимни ривожлантириш, юридик маълумотга эга кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳаётий зарурат эди. Шу маънода, Юртбошимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги Фармони асосида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Термиз давлат университетида юридик факультет очилиши узоқ кутилган хайрли иш сифатида мамнуният билан қарши олинди.
Бинобарин, Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали ва Термиз давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг педагогика институти ташкил этилишини ҳам яна бир эзгу ташаббус рўёби сифатида баҳолаш мумкин.
Бундан ташқари, Термиз давлат университети Денов филиали негизида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти фаолияти йўлга қўйилиши орқали, аввало, олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, қолаверса, ҳудудларда олий таълим қамрови даражасини 50 фоиздан ошириш мақсад қилинган.
Хўш, бундай янгиланишларда университетимизнинг иштироки қандай? Унинг зиммасига қандай масъулиятли вазифалар юклатилган? Самара қандай бўлаётир?
Термиз давлат университетида 15 та факультет, 43 та кафедра мавжуд. 21620 нафар талабага 706 нафар профессор-ўқитувчи илм ва касб сирларини пухта ўргатмоқда.
Бугун университет ҳудуди мўъжазгина шаҳарчани эслатади. 20 гектар майдон обод ва кўркам. Қўшимча бинолар қад ростлаяпти. Термиз шаҳридаги Ахборот технологиялари ва туризм коллежи биноси, Бойсун туманидаги “Дарбанд” болалар оромгоҳи олий таълим даргоҳимиз ҳисобига ўтказилгач, имкониятимиз янаям кенгайди.
Эътибор ва рағбатда гап кўп. Фаолият самарадорлигини юксалтиришда ҳар икки омилнинг ўрни беқиёс. Мана, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан университетимиз профессор-ўқитувчилари ва ишчи ходимлари учун 64 хонадонли кўп қаватли тураржой барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Бу уйларда илм-фан фидойилари, олий таълим тизими заҳматкашлари мазмунли ҳаёт кечиришмоқда.
Шу билан бирга, ўтган йили Инвестиция дастурига мувофиқ, 15,3 миллиард сўмлик 400 ўринли талабалар тураржойи барпо этилди. Жаҳон стандартларига мос мазкур бинода яратилган шарт-шароит ва қулайликлардан ёшлар мамнун. Жорий йил сентябрь ойида хўжалик ҳисобидан 1000 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилиши кутиляпти.
Сурхондарё — буюк мутафаккирлар юрти. Бу замин Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Самандар Термизий, Собир Термизий каби алломаларни вояга етказган. Улар қолдирган бой илмий мерос, китоб ва рисолалар инсоният маънавий оламини бойитган бебаҳо хазина сифатида юксак қадрланади.
Бугунги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу: илм-фанимизни янада тараққий эттирадиган, Ватанимиз довруғини дунёга ёядиган баркамол авлодни тарбиялаш. Бинобарин, ҳозирги имконият ва салоҳият бу воҳадан яна термизийлар чиқишига ишончимизни оширади.
Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,
Термиз давлат университети ректори,
Олий Мажлис Сенати аъзоси