Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йўл – азалий ва абадий дўстлик йўлидир
17:31 / 2025-03-31

Муносабат

Бугун Хўжандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг юқори даражадаги учрашуви бўлиб ўтаётганлиги ҳар учала халқ учун ҳам катта аҳамиятга молик тарихий воқеадир.

Ҳа, шундай муқаддас байрам кунлари гувоҳи бўлганимиздек, уч мамлакат раҳбарлари саммитининг адолатли қарори натижаси ўлароқ, “Давлат чегараларининг учрашиш нуқтаси тўғрисида”ги битим имзоланиб, Дўстлик стеласи тантанали равишда очилди.

Бу тарихий саммит натижалари билан ўзбек, тожик ва қирғиз халқлари ўртасидаги азалий дўстлигимизга абадийлик рамзи ўрнатилди. Улуғ айём кунларида уч томонлама дўстлик  тимсолининг очилиши имон эътиқодимизнинг мустаҳкамлигидан далолат беради. 

Бу тарихий тантанали маросимни кузатиб турган ҳар бир ўзбекнинг бутун вужудини шукуроналик кайфияти эгаллади, десам муболаға бўлмас. Байрамлар шукуҳи билан тўлқинланиб турган қалбларимиз янада тўлқинланди, қувончга тўлди. Чунончи, уч мамлакат раҳбарларининг дўстона учрашуви ва қўлни-қўлга бериб мардонавор аҳдлашуви – яшаш тарзи, маданияти, диний қарашлари, энг муҳими, қалби қалбига туташ  халқларимизнинг азалий дўстлиги, қавму қариндошлиги янада гуркираб ривожланиши учун катта йўл очиб берди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу учала халқнинг бир ёқадан бош чиқариши демакдир. Биз албатта, бу сиёсий бирлашув ва дўстлашувдан ҳар учала халқнинг равнақ топишига ишонамиз. Халқларимизнинг “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган ҳикматли мақоли айнан бир мушт бўлиб яшашни тавсия қилади. Дарҳақиқат, бу бирлашув учала мамлакатнинг ҳар томонлама ривож топишига, якдиллик билан ривожланишига хизмат қилади.

Биз ўзбекистонликлар Хўжанд саммити қарорлари ва ушбу тимсол – Дўстлик стеласи билан қардош тожик ва қирғиз дўстларимизни қизғин қутлаган ҳолда, мамлакатларимиз ва халқларимизаро янада яқинлашувни қўллаб-қувватлаймиз ва бу дўстлик йўли, албатта, ҳар учала халқ учун манфаатли йўлдир.

Дўстлигимиз абадий барқарор бўлсин!

Абдукамол РАҲМОНОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши 

раисининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

ЎзА