Баҳор фасли охирлаб, ёзнинг бошланиши чанг-тўзонли, ёмғирли кунларга тўғри келиши кўпчиликда хавотир уйғотмоқда. Хўш, бу йилги ёз фаслида кутилаётган об-ҳаво қандай бўлади? Иссиқ, ёмғирли, чанг тўзонли?
Саволларимизга Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов жавоб берди.
— Биз ҳар йили ёз иссиқ ўтишига ўрганиб қолганмиз. Бу йил июнь, июль, август ойларида ҳаво ҳарорати қандай бўлади?
— Ёзимизнинг об-ҳаво шароити Ўзбекистон иқлимининг ўзига хос хусусиятлари билан белгиланади. Ўрта Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги каби ўлкамизда ёз узоқ, иссиқ ва қуруқ бўлиб, ҳаво ҳарорати кўпинча 40 ва ундан юқори даражага етади.
Умуман олганда, бизнинг ёзимиз қурғоқчилик билан ажралиб туришига қарамай, баъзан июнь ойида қисқа муддатли маҳаллий хусусиятга эга сезиларли жадаллик билан ёмғирлар ёғади.
Июль ва август ойларида ёмғир камроқ тушади, қоида тариқасида улар кичикдир. Бироқ, ушбу ойларда, айниқса Шарқий минтақаларда сезиларли интенсивликдаги маҳаллий ёмғирларнинг айрим ҳолатлари чиқариб ташланмайди.
— Ёзнинг «чилла» даври қандай ўтиши кузатилмоқда?
— Бу йил ёз мавсумининг ўртача ҳарорати меъёр атрофида ва меъёрдан бироз юқорироқ бўлиши кутилмоқда. Ғайритабиий иссиқ бўлмайди, аммо «чилла» пайтида иссиқ об-ҳаво табиий равишда кузатилиши истисно эмас.
— Табиатда тез-тез чанг-тўзонли ҳавонинг кузатилиши сабаблари нимада?
— Чанг ёки қум бўронлари атмосферанинг чанглар билан ифлосланишига олиб келади. Бу шамол ер юзасидан қум ёки чанг парчаларини кўтариб, баъзан уларни узоқ масофаларга олиб борадиган ҳодисалардир. Бунда горизонталь кўринувчанлик сезиларли даражада ёмонлашиши ва атмосферанинг чанглар билан ифлосланиши ошиши кузатилади. Ўзбекистонда, шунингдек, бутун Марказий Осиёда чанг бўронлари анча кенг тарқалган ҳодисадир.
Мамлакатимизда чанг бўронларини шакллантирувчи қуйидаги ўчоқлар ажралиб туради: Оролбўйи минтақаси, чўл ва ярим чўл ҳудудлари, шунингдек, республиканинг жанубий ҳудудлари.
Чанг бўронлари одатда шамол тезлиги 10-14 м/с га етганда бошланади. Аммо баъзи жойларда бу ҳодисалар содир бўлиши учун шамол тезлиги 6-9 м/с.ни ташкил қилиши кифоя.
— Бухоро, Навоий вилоятларида чангли об-ҳаво кузатилишига сабаб нимада? 2020 йилнинг 27 апрелида Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманида кузатилган кучли чанг бўрони катта вайронагарчиликларга сабаб бўлганди. Бу йил 21 майда шундай ҳолат яна қайталанди.
— Атмосферанинг чанглар билан ифлосланишига олиб келадиган чанг бўронлари Ўзбекистонда доимо кузатилган. Мамлакатимиз ҳудудининг 70 фоизини чўл ва дашт зоналари эгаллаганлигини ҳисобга олсак, бу табиий ҳол. Шу сабабли чанг бўронлари кўпинча ҳудудининг катта қисмини Қизилқум чўлининг қумлари эгаллайдиган Бухоро ва Навоий вилоятларида содир бўлади.
Сўнгги йилларда чанг бўронлари сони ортиб бораётганга ўхшайди. Бу ерда аҳолининг хабардорлигининг ошиши асосий омил ҳисобланади.
Дарҳақиқат, қурғоқчилик шаклланишининг тобора ортиб бориши чанг бўронлари жадаллиги ошишига олиб келиши мумкин. Лекин, айни пайтда мамлакатимизда бу ҳодисаларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича бир-қатор ишлар бажарилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА