Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йилги Рамазон ойининг шукуҳи ўзгача бўлди
08:05 / 2023-04-21

Бугун бутун мусулмон оламида, жумладан, мамлакатимизда ҳам Рамазон ҳайити нишонланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган қарорида Рамазон ҳайтини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда ўтказиш, унинг моҳиятида мужассам бўлган меҳр-оқибат, саховат, олижаноблик ва бағрикенглик фазилатларини асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, эл-юртимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган эди.  

Шу асосида Самарқанд вилоятидаги 281 та масжидда ҳайит намозини тўла-тўкис адо этиш учун зарур шарт-шароит яратилди. Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти ҳар галгидан барвақт, эрталаб соат 5.00 дан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлади. Тегишли идоралар томонидан мажидлар ва улар атрофида хавфсизлик таъминланди. Савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ масжидида ҳайит намози ўқилишида иштирок этиб, мўмин-мусулмонларни байрам билан табриклади.

[gallery-11548]

– Бу йилги Рамазон ойи бутун мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам халқимизга хос анъана ва қадриятлар асосида, ўзгача шукуҳда ўтди, – деди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов. – Туман ва шаҳарлардаги 286 та масжида таровеҳ намози ўқилди,166 та масжидда хатми қуръон қилинди. Хатмоналар Ўзбекистон мусулмонлари идораси белгилаган тартибда, яъни масжидларда бир вақтда бошланиб ва муборак ойнинг Қадр кечасида якунланди. Бу ойда, айниқса, “Инсон қадри учун!” тамойили асосида ўтказилаётган ислоҳотларга мос тарзда меҳр-мурувват, саховат тадбирлари кенг қулоч ёйди. Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ғамхўрликлари туфайли ушбу муқаддас ойда вилоятимиздан 100 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар вакиллари ва фаол нуронийларимиз давлат ҳисобидан Саудия Арабистонида муборак Умра сафарига бориб келдилар. Ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд аҳоли учун ифторлик маросимлари ташкил этилди. Шунингдек, вилоятимиз раҳбарлари, масъуллар иштирокида маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар, кексалар хонадонида ифторлик дастурхонлари ёзилди, уларга совға-саломлар улашилди. Бу каби мурувват тадбирлари бугун – ҳайит куни ҳам давом этмоқда. Кам таъминланган, ёлғиз ва ногиронлиги бўлган инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ҳайит муносабати билан давлатимиз раҳбари қарорига кўра, 21 апрель дам олиш куни, 24 апрель эса қўшимча дам олиш куни деб, эълон қилиниб, юртдошларимизга узлуксиз тўрт кун ҳордиқ чиқариш ва ушбу байрамни нишонлаш учун имконият яратилди.  

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА