“Мезон” фермер хўжалиги пахтакорлари шундай дейишмоқда.
Ёзёвон туманидаги “Мезон” фермер хўжалиги Фарғона вилоятида пахтачиликда ўзига хос тажриба яратган. Бунинг асосий сабабларидан бири фермер хўжалиги соҳага илм ва замонавий технология билан ёндашади, натижада ҳосилдорлик ва даромад ортишига эришилмоқда.


Бу йил хўжаликда 87,2 гектар майдонга Хитойдан келтирилган пахта нави 76 схемада экилди. Шундан 60 гектар майдондаги ғўзалар плёнка остида, томчилатиб суғориш усулида парваришланди. Агротехник тадбирлар вақтида, сифатли амалга оширилди. Пахта далаларида мўл ҳосил етиштирилиб, уни териб олишга киришилди.


- Чигит экишдан аввал майдонларни кенгайтирдик, - дейди Мезон фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Обидов. – Чунки аввалдан пахтани машинада теришни режалаштирган эдик. Кўчатлар сони кўплиги учун икки бор енгил дефаляция қилдик. Мана энди кўриб турганингиздек майдон теримга тайёр бўлди. Шу бугуннинг ўзида учта терим машинасини жалб қилдик. Икки кунда пахтани териб ғўза навдасини майдалаб ерга сочамиз. Сўнг ерни ҳайдаб дон экамиз. Терим машиналарининг ҳар бири шу куннинг ўзида 40-50 тоннадан пахта теришга эришди. “ Мезон” 80 центнерлик маррага интилмоқда.
Мухаммаджон Обидов, Муслим Туланов (сурат), ЎзА