Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йил талабалар учун турар жой етишмовчилиги юзага келмайдими? – Мутахассис билан суҳбат
15:05 / 2023-08-15

Маълумки, ҳадемай, юртимизда янги ўқув йили бошланади. Бу жараёнда талабаларни энг кўп ўйлантирадиган масала турар жой ва ётоқхона муаммоси. 2023/2024-ўқув йилида талабалар учун ётоқхона масаласи қандай ҳал этилади? Аввалги йилдаги камчилиқлар бартараф этилдими? Талабаларни турар жой билан таъминлаш тартиблари қандай?

Шулар хусусида олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов билан суҳбатлашдик.  

– Бу йил ОТМ ётоқхоналарига талабаларни қабул қилиш қандай тартибда амалга оширилади?  

– 2023/2024-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг  1-курс талабаларини турар жойга жойлаштириш маъмурий регламент талаблари асосида амалга оширилади.  

Бунда давлат олий таълим муассасаларининг талабалар турар-жойига жойлашиши фақат давлат хизмати марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали электрон ариза бериш йўли билан амалга оширилади ҳамда талабаларга навбатни онлайн кузатиш ва тўловларни амалга ошириш имконияти яратилади.  

Иккинчи ва ундан юқори курс талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш 2023/2024-ўқув йили учун анъанавий тарзда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза Олий таълим муассасаси талабалар турар жойларига жойлаштириш комиссиясига 2023 йил 30 июлга қадар топширади.  

2024/2025-ўқув йилидан бошлаб барча курс талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиши онлайн шаклда амалга оширилади. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.  

– Қайси ОТМлар талабаларини тўлиқ ётоқхона билан таъминлаш имкониятига эга? 

– Қарши давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган давлат педагогика институти, Андижон давлат чет тиллари институти, Фискал институти каби олий таълим муассасаларида талабалар турар-жойига эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ таъминланади.  

– Жорий йилда қанча талабалар турар жойлари барпо этилди ва фойдаланишга топширилди?  

–Республика миқёсида 38 минг ўринли 83 та талабалар турар-жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида 23 минг 494 ўринли 50 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ва олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида 10 минг 660 ўринли 21 та талабалар турар жойлари қурилиши учун зарур маблағ ажратилди.  

Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги фармонига мувофиқ биргина 2023 йил якунига қадар республика бўйича 18 минг ўринли талабалар турар жойларини фойдаланишга топшириш вазифаси белгиланган.  

2023 йил 1 июль ҳолатига 4 минг 702 ўринли 12 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди. Айни пайтда 24 минг 394 ўринли 51 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.  

Жорий йилнинг сентябрь ойида, яъни, янги ўқув йили бошланишига қадар республика бўйича жами 6400 ўринли 11 та талабалар турар жойи фойдаланишга топширилади.  

Шундан Тошкент шаҳри Талабалар шаҳарчаси ҳудудида жами 3 та 1800 ўринли (Ўзбекистон миллий университети учун 1 та 400 ўринли, Тошкент давлат техника университети учун 1 та 800 ўринли ҳамда Тошкент тиббиёт академияси учун 1 та 600 ўринли) талабалар турар жойларида қурилиш, таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланади.  

Топшириққа мувофиқ, йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари ҳам тўлиқ қуриб битказилади.  

– Ётоқхоналар билан таъминлаш имконияти бўлмаган талабалар учун қандай шароитлар яратилган?  

– Ҳозирги кунда 48 минг 976 нафар талабалар (30 фоиз) турар жойига эҳтиёж мавжуд бўлиб, улар ижара шартлари асосида хусусий хонадонларда яшашига тўғри келади.  

Тюторлар орқали ушбу талабалар билан суҳбатлашилганда 23 минг 774 нафар талаба (2, 3, 4-курслар) Тошкент шаҳрида ижара хонадони мавжуд эканлигини маълум қилган. Яъни, уларнинг аксарияти аввалдан яшаб келаётган ижара уйларини сақлаб қолишган ёки олдиндан ижара уйларини банд қилиб қўйишган.  

Шу ҳолатда ижара хонадонларига жойлашишга муҳтож бўлган (ётоқхонадан жой берилмаган, ўз уйи, яқин қариндоши мавжуд бўлмаган ва ижара хонадони ҳам аниқ бўлмаган) талабалар 25 минг 202 нафарни ташкил этмоқда.  

Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаларида барча тюторларни тўлиқ жалб қилган ҳолда маҳалла раислари билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонларини топиш ишлари амалга оширилди.  

Уй эгалари билан бирма-бир суҳбатдан кейин жами 8 минг 438 та ижара хонадонларининг манзилли рўйхатлари шакллантирилди. Ҳисоб-китобларга кўра мазкур хонадонларга 24 минг 254 нафар талабани жойлаштириш имкони мавжуд. Айни пайтда қолган 948 нафар талабага қўшимча ижара уйларини топиш ишлари давом этмоқда.  

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда бўш турган ижара хонадонлари таъмирланиши ва жиҳозланиши кўзда тутилган. Ҳозирда бўш турган ижара хонадонлари тўғрисидаги манзилли рўйхат барча талабаларга етказилмоқда. Ижара хонадонларига жойлашган талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш ишлари амалдаги тартиб асосида давом эттирилади.  

Бунда талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланади.  

Шу тартибда янги ўқув йилида талабаларни таъмирланган ва бўш турган ижара хонадонларига жойлаштириш ишлари ташкил этилади ва кириш имтиҳонлари якунланиши билан, яъни 20 август кунлари талабалар қаерда яшаши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши таъминланади.    

Бугунги кунда талабалар турар жойи билан тўлиқ таъминлаш имконияти бўлмаган олий таълим муассасалари масъуллари томонидан  янги топилган ижара уйлари (рўйхат бўйича тахминий танлов асосида) ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар (манзили, хонадон эгасининг исми шарифи, телефони, ижара уйининг нархи кўрсатилган ҳолда) эълон қилинган инфокиоскалар ташкил этилган.  

– Қайси тоифадаги талабаларга биринчи бўлиб ётоқхона ажратилади?  

– Қуйидаги тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилинади:  

“Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;  

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари“га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари“да турадиган талабалар; 1 ва 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;  

бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари; халқаро ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;  

“Йил талабаси” ва “Талабалар театр студиялари” кўрик танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;  

олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;  

талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.  

Талабаларни турар жой билан таъминлашнинг шаффоф ва самарали тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, батафсил тушунтириладиган бўлса, талабалар ётоқхонага имтиёзли ва умумий рўйхат мезонлари бўйича кетма-кетликда навбат асосида жойлаштирилади.  

Имтиёзли рўйхатга қуйидаги мезонларнинг бирига мос келувчи талабалар киритилади:  

а) тегишли тасдиқловчи маълумотлар асосида:  

– “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила (аёл) фарзандлари;  

– “Ёшлар дафтари”га кирган, “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, чин етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар; 

–1-ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;  

–Хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар;  

–б) олий таълим муассасаси ректори (директори) буйруғи асосида:  

–халқаро ва вазирлик томонидан ўтказиладиган республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ғолиб бўлган талабалар;  

–“Заковат” интеллектуал ўйинлари республика босқичиғолиблари; 

–“Йил талабаси” кўрик-танлови республика босқичи ғолиблари;  

–“Талабалар театр студиялари” танловининг республика босқичи ғолиблари;  

–талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.  

Умумий рўйхатга киритиладиган талабалар қуйидаги кетма-кетлик асосида талабалар турар жойига жойлаштирилади:  

–битта оилада бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-контракт асосида ўқиётган оила фарзандлари;    

–кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар (кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар турар жойига эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ таъминланмасдан туриб бошқа таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди); 

–талаба қизлар (талабалар контингентидан келиб чиқиб олий таълим муассасаси ректори (директори) ушбу устуворлик улушини белгилайди); 

–бакалавр босқичида таҳсил олаётган талабалар (бакалавр босқичида таҳсил олаётган турар жойга эҳтиёжи бор талабалар тўлиқ талабалар турар жойига жойлаштирилмасдан, таълимнинг магистратура ва докторантура босқичида таҳсил олаётган талабаларни турар жойга жойлаштиришга йўл қўйилмайди);    

–олий таълим муассасаси жойлашган ҳудуддан бошқа ҳудудда доимий яшовчи талабалар;    

–ариза берилган санаси бўйича навбат асосида.  

 

Насиба ЭЛИБЕКОВА суҳбатлашди.