Бу йил Каттақўрғонда қишлоқ хўжалиги учун туб бурилиш йили бўлади
Каттақўрғонлик омилкор деҳқонлар жорий йилда 10 минг 974 гектар майдонда пахта хомашёси етиштиришни режа қилган.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 2019 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соҳани техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, илм-фан ва инновацияни жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди.
Туманда ўтган йили чигит экиш ва ишлов бериш учун 19 та замонавий пневма сеялка, 32 та культиватор, 10 та ҳайдов, 20 та замонавий чопиқ трактори олиб келинди ва мавжуд қишлоқ хўжалик техникаларини 15-20 фоиз янгилашга эришилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишича, шу кунларда туманга Туркия давлатидан 72 дона замонавий пневма сеялка олиб келинди ва замонавий сеялкалар сони 100 тадан ошди. Бундан ташқари, жорий йилда юқори кучланишли 35 та трактор олиб келиниб, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва фермерларга барча зарур шароит яратилди. Энди фермерлар техника муаммосига дуч келмайди.
Каттақўрғонлик омилкор деҳқонлар жорий йилда 10 минг 974 гектар майдонда пахта хомашёси етиштиришни режа қилган. Эътиборли жиҳати, туман пахтакорлари уруғлик чигитни тўлиқ туксизлантириб, Германияда ишлаб чиқарилган дорилар билан ишлов бериб, гектарига 100 килограммдан калий, 200 килограммдан 46 фоизли фосфор билан экишни бошлади.

Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда пахта ҳосилдорлигини гектарига 10 фоизга, ғалла ҳосилдорлигини гектарига 20 фоизга ошириш, янги боғ ва токзорлар орасига сабзавот экинлари экиб, ердан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлади. Каттақўрғонлик миришкорлар жорий йилда бор билим ва тажрибасини ишга солиб, техника воситаларидан унумли фойдаланиб, қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида юқори натижаларга эришишни мақсад қилмоқда. Қишлоқ хўжалигида яратилган имкониятлар 2020 йил туманда юқори ҳосилдорликка замин яратиши шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, бу йил туманда қишлоқ хўжалиги учун туб бурилиш йили бўлади.