Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йил GRDC илмий-технологик маркази томонидан қандай ишлар амалга оширилди?
17:34 / 2023-12-13

Бугунги кунда Тошкентдаги "Geo Research And Development Company" (GRDC) илмий-технологик маркази геология-қидирув, углеводород хомашёси ва минерал ресурсларни ишлаш, қазиб олиш, йиғиш, тайёрлаш ва транспортивка қилиш тизимларини лойиҳалаштириш бўйича етакчи муассаса ҳисобланади.

Мазкур илмий муассаса 10 та йўналиш бўйича фаолият юритади. Ҳозирги кунда унда 320 нафар малакали мутахассис ишлайди. Улардан 3 нафари фан доктори, 6 нафари техника, кимё ва геология-физика фанлари номзодидир. 

2023 йилда GRDC илмий-технологик маркази томонидан қандай ишлар амалга оширилди? 

Бу ҳақда GRDC илмий-технологик маркази директори Азизбек Назаров қуйидагиларни маълум қилди: 

–Ҳар бир ташкилот йил якунида амалга оширилган ишларини сарҳисоб қилиб, келгуси йил режаларини тузиб олади. Бизда ҳам шундай. Аввало, ушбу илмий муассаса ўзида салоҳиятли кадрлари ва энг илғор технологияларга эгалиги билан кенг имкониятларга эга. 

Муассаса илмий-тадқиқот ва унинг натижалари асосида иш кўради. У мамлакатимизда нефтъ ва газ соҳасида энг яхши экспертизани амалга оширади. Шунингдек, ташкилот томонидан сервис хизматлари, қудуқларда тадқиқот ишлари, илмий ва лойиҳа фаолияти, нефтъ саноати ускуналарини ҳимоя қилиш, топогеодезик ва геологик тадқиқотларни ўтказиш, қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлашда супервайзинг хизматлар кўрсатиш каби вазифалар амалга оширилади. 

Бугунги кунда GRDC ва Саноат энергетика гуруҳи ўртасида илмий-технологик ҳамкорлик олиб борилмоқда. Қазиб чиқариш лойиҳалари тижорий самарадорлигига эришиш учун кенг қамровли ечимларни яратиш, шунингдек, нефть ва газ муҳандислиги бозорида инновацион ишланмалар бўйича ишлар амалга оширмоқда. 

Жорий йилги ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, GRDC илмий-технологик маркази 556 та геофизикавий ва кон-геофизикавий тадқиқотларни қайта талқин қилди. Саноат энергетика гуруҳи конларининг 63 та уч ўлчовли геологик-гидродинамик моделларини ишлаб чиқди ва қурди. Углеводород қазиб олишни кўпайтириш бўйича 850 та геологик-техник тадқиқотларни амалга оширди. Шу билан бирга, 140 дан зиёд қудуқни комплекс ўрганиб, қатлам суюқликларининг 1500 га яқин чуқур намуналарини олди. 

Бундан ташқари, марказ томонидан саёз қудуқларни бурғилаш ва Фарғона вилоятидаги 3 та ишлатиб бўлинган конларда нефть қазиб олиш даражасини ошириш усулларини қўллаш орқали конларни ўзлаштириш даражасини юксалтириш бўйича концептуал таклифлар ишлаб чиқилган. 

Экспертларнинг баҳолашича, таклиф этилаётган чора-тадбирлар Саноат энергетика гуруҳининг кунлик нефть қазиб чиқариш даражасини икки баравар оширади. 2033 йилга келиб ушбу кўрсаткич 1600 тоннагача ошади. 

Ўтган даврда марказнинг физика-кимё лабораторияси ходимлари томонидан турли йўналишлар бўйича 2081 та тадқиқот ўтказилди. Комплекс коррозия изланишлари, нефть, қатлам сувлари, газ конденсати таҳлиллари, суюқлик ва газ хроматографияси, элементар масса спектрал таҳлиллари шулар жумласидандир. 

Шунингдек, нефть-кимёвий йўналишларини ишлаб чиқишда “GRDC -0421” туркумидаги 16 тонна коррозия ингибитори, “GRDC -0621” туркумидаги 8 тонна туз қолдиқлари ингибитори чиқарилди. VNE “ГРДC-0521РД” деэмульгатори ҳамда ASPO “GRDC -0721РН” эритгичи ҳам ишлаб чиқилди, сертификатланди ва кон ҳамда лаборатория шароитида муваффақиятли синовдан ўтказилди. 

Таъкидлаш керакки, марказ билан ҳамкорлик бизнинг илғор технологиялар ва илмий ечимлар сари интилишимизни яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса энергетика соҳасидаги мақсадларимизга эришиш калити дейиш мумкин. Бугунги кунда марказ илмий-технологик хизматларни маҳаллий компанияларга кўрсатиш билан бир қаторда, Қозоғистоннинг чегара ҳудудларида янги конларни излаш бўйича лойиҳаларни ҳам олиб бораяпти. 

Муассасанинг техник тажрибаси ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштирган ҳолда халқаро миқёсда олиб борилаётган самарали фаолият унинг кенг имкониятларга эга эканидан далолатдир. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди